Қонунчилигимизга мувофиқ, жорий йил 1 октябрдан бошлаб ёшлар орасида “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловлари ташкил этилади ва энг яхши лойиҳалар учун ҳар бир туман ва шаҳарда камида 3 нафардан ғолибга 54 миллион сўмгача грант маблағлари берилади.
“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилади. "Масофавий электрон декларациялаш” постлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштиради.
Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Шунга кўра, давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим давлат ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида жами 1 минг 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилади. Бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 минг 56 та штат бирликлари ажратилади.
“Тонировка”га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат my.gov.uz орқали кўрсатилади.
Қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган ЯТТ томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти ва алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ бекор қилинади.
Барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти ташкил этилади.
Қурилиши тугалланган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади.
Тегишли давлат тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади
Инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиблари такомиллаштирилади.
Цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА