Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 ноябрь ҳолатида 8 миллионга яқин ер ва бино иншоотлари ҳисобга олинган
12:00 / 2021-12-07

Юртимизда ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид муносабатларда барқарорликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Натижада қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ муносабатларнинг барқарорлиги таъминланиб, уларнинг давлат томонидан мониторингини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш тизими тубдан такомиллаштирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан юртимизда ер муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка таништириш ҳамда Бутунжаҳон тупроқ куни муносабати билан “Ер ислоҳотларининг илк натижалари ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда иштирок этган мутахассислар ва депутатлар ерлардан оқилона, мақсадли фойдаланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Конференцияда қайд этилганидек, Президентимизнинг соҳага оид бир қатор фармон ва қарорлари, хусусан, “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан 2021 йил 1 августдан бошлаб, ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши белгилаб берилди.

Конференцияда мутахассис ва олимлар томонидан соҳада олиб борилган ишлар юзасидан тақдимотлар қилинди.

Қайд этилганидек, соҳани рақамлаштириш борасида қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, Жаҳон банки билан ҳамкорликда ахборот тизимлари ҳамда 7,5 миллионта кўчмас мулк объектларининг архив ҳужжатлари рақамлаштирилди. Ер ва бино иншоотларини ҳисобга олиш бўйича 2021 йил 1 ноябрь ҳолатида 7 миллион 954,8 минг объект ҳисобга олинди.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги ерларида амалга оширилган ислоҳотлар таҳлили, ер муносабатларини тартибга солиш, ер ва кадастр тизимларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, республика тупроқлари ҳолати ва унумдорлиги каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Конференция доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланиладиган учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) кўргазмаси ҳам намойиш қилинди. Якунда келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА