Халқ демократик партияси ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб олган сиёсий кучдир. Партия мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилиши тарафдори.
Ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларини илгари сурувчи Халқ демократик партияси ташкил топганига бугун 33 йил тўлди. 1991 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг биринчи таъсис қурултойи бўлиб ўтган эди. Қурултойда партия Устави ва Дастури қабул қилиниб, партия ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб олинган. Янги ташкил топган партия Марказий Кенгашининг биринчи котиби этиб Маҳмуджон Мўминович Расулов сайланган.

Ўтган 33 йил давомида Ўзбекистон Халқ демократик партиясига кимлар раислик қилган?
1991 – 1994 йиллар Расулов Маҳмуджон Мўминович;
1994 – 2003 йиллар Жалолов Абдулҳофиз Мараҳимович;
2003 – 2005 йиллар Рустамов Аслиддин Ашурбаевич;
2005 – 2013 йиллар Ғуломов Латиф Ёқубович;
2013 – 2019 йиллар Кетмонов Ҳотамжон Абдураҳмонович;
2019 йил ва ҳозирги вақтда Иноятов Улуғбек Илясович.
Партия 33 йиллик фаолияти давомида ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида ҳамда Президентлик сайловларида ўз номзодлари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган сайловларда ҳам партия беш йилликка мўлжалланган янги дастури билан сиёсий майдонга чиқиб, барча депутатлик ўринларига ўз номзодларини кўрсатди, сайловолди ташвиқоти даврида фаол иштирок этди. Сайлов якунларига кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан 20 та депутатлик ўрнини, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан эса 1 минг 162 та депутатлик ўрнини эгаллади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА