“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти бўлими ва унинг туман, шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 1 минг 513 та эҳтиёжманд, кам таъминланган оила вакилларига 3 миллиард 414 миллион 813 минг сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди.
Мамлакатимизда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ўзгаларга меҳр-саховат кўрсатиш, муҳтожларга кўмак бериш халқимизнинг асрлар оша давом этиб келаётган ўлмас қадриятларидан биридир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими раиси Бахтиёржон Турсунов. – Бугунги кунга келиб ана шу қадрият юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан 1,5 минг нафардан зиёд фуқарога ёрдам кўрсатилганлиги мисолида кўриш мумкин.

Андижон вилоятида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан эҳтиёжманд ва “Темир дафтарга” киритилган 1 минг 129 та оилага, “Аёллар дафтари” га киритилган 89 нафар хотин-қизга 1 миллиард 749 миллион 322 минг сўм моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари, 280 та эҳтиёжманд ва 23 нафар “Темир дафтарга” га киритилган оилага, 23 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизга 226 миллион 99 минг сўм миқдордаги кундалик истеъмол товарлари тарқатилди.
– Ёнғин туфайли уйим анча зарар кўрган эди, – дейди Андижон шаҳри, Мустақиллик маҳалласи, А.Ҳайдаров кўчасидаги 66-уйда яшовчи Владимир Ушаков. – Ҳукуматимизга минг раҳмат, қийин шароитга тушиб қолган бир пайтда менга уйимни таъмирлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 15 миллион сўм моддий ёрдам ажратди. Бундан беҳад мамнунман.

Эҳтиёжманд, “Темир дафтар” га киритилган 367 та оила ва “Аёллар дафтари” га киритилган 197 нафар хотин-қизга 1 миллиард 183 миллион 953 минг сўмлик дори-дармон, тиббий воситалар ҳамда саломатликларини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 72 миллион 111 минг сўм сарфланган бўлса, “Темир дафтар” га киритилган ҳамда эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш учун 61 миллион сўмлик парранда тарқатилди.
– Маҳалладаги “Аёллар дафтари” рўйхатида тураман, – дейди Андижон шаҳри, Намуна маҳалласининг А.Фитрат торкўчаси, 6-уйда яшовчи Наргизахон Рўзалиева. – Оиламизга жамғарма томонидан 10 дона тухумга кирган товуқ берилди. Бу албатта, оз бўлса-да, оиламиз даромадини оширишга ёрдам беради. Юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар, олиб борилаётган хайрли ва эзгу ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Айниқса, бугунги муборак рамазон кунларида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан бу каби хайрли ишлар давом эттирилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА