Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман ва шаҳар судлари томонидан 2022 йил давомида 11 минг 124 нафар шахсга нисбатан 9 минг 552 та жиноят иши тамомланди. Мазкур ишлардан 7 минг 601 нафар шахсга нисбатан 6 минг 175 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган.
Бу ҳақида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобохон Ваҳобов ўтган йил судлар томонидан амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда маълум қилди.
Суд соҳасидаги ислоҳотлар самарасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Асосийси, уларнинг фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Брифингда ўтган йилда судлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Эътиборли жиҳати, 33 нафар шахсга нисбатан тергов органи қўйган айбловлар бекор қилиниб оқланган бўлса, 8 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 25 нафар шахс апелляция инстанциясида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан реабилитация қилиниб, уларга нисбатан жиноят ишлари тугатилган. Шунингдек, 1 минг 469 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган.
Вилоят миқёсида судлар томонидан кўрилган ишлардан фирибгарлик 209 тага, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 388 тага, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш 164 тага, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш 97 тага, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш 48 тага, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш 49 тага, мансаб сохтакорлиги, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш 69 тага ошган.
М.Сулаймонов, ЎзА