Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 минг 400 нафардан ортиқ аёлга тадбиркорлик кўникмалари ўргатилади
15:59 / 2023-04-26

“Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган 2022 йилда татбиқ этилган “Масъулиятли молия ва қишлоқнинг барқарор ривожланиши” лойиҳаси доирасида Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистонда 400 нафарга яқин хотин-қиз ўқитилган ҳамда хорижий экспертлар ёрдамида ушбу ҳудудлар учун 10 нафардан ортиқ малакали тренерлар тайёрланган.

Жорий  йил чекка ҳудудларда аёлларни тадбиркорликка ўргатиш мақсадида ҳамкорлар мавқеи янада мустаҳкамланди. Иш самарадорлигини ошириш учун “Тадбиркор аёл” ассоциацияси ҳамда Германиянинг  жамғарма кассалари фонди билан ҳамкорликда Иқтисодий, молиявий ва бизнес саводхонликни ошириш учун таълим фонди ташкил қилинди. “German Sparkassenstiftung for International” Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди кўмагида бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Хусусан, янги жамғарма кўмагида “Масъулиятли молия ва қишлоқнинг барқарор ривожланиши” қўшма лойиҳаси мамлакатимизнинг 8 та ҳудудида амалга оширилади. Лойиҳада янги иш бошламоқчи бўлган ва тажрибали тадбиркорлар иштирок этади.  

2023 йил 26 апрель куни “Тадбиркор аёл” ассоциацияси марказий офисида ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари учун мураббийлик маҳоратини ошириш бўйича уч кунлик ўқув-семинар ўз ишини бошлади.  

Халқаро модул бўйича ўтказилаётган ўқув курси Германия жамғармасининг минтақавий вакили ва узоқ муддатли эксперти Матиас Ванглер жамоаси томонидан олиб борилади.  

Янгича усулда амалга оширилаётган тренинг иштирокчиларга нафақат назарий билимларни ўзлаштириш, балки жамоада ишлаш кўникмаларини ҳам эгаллаш имконини беради. Шу мақсадда касбий тайёргарликнинг барча шакллари мини-маърузалар, ролли ўйинлар, ақлий ҳужум, ментал хариталаш, баҳс-мунозара, гуруҳ машқлари, индивидуал вазифа, жуфтликда ишлаш каби кўникмалар ўргатилади.  

Курс якунида иштирокчилар халқаро сертификатга эга бўлади. Энди профессионал мураббийлар ҳудудларда ёш ишбилармон аёлларни ўқитади.  

Қайд этиш лозимки, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида 70 дан ортиқ семинар-тренингларни ўтказиш режа қилинган.  Натижада қишлоқнинг 1 минг 400 дан ортиқ аёли тадбиркорлик кўникмаларига ўргатилади. Бўлажак тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳамкорликдаги ишларнинг ҳар бир босқичи батафсил ишлаб чиқилди, амалиётга татбиқ этилмоқда.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА