English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 минг 273 та қишлоқ аҳоли пунктида ичимлик суви таъминоти яхшиланади
16:46 / 2020-12-23

Узоқ йиллардан буён марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган ёки буни имкони бўлмаган олис қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси ҳал этилмай келаётган эди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур муаммо йирик марказлашган ичимлик сув инфратузилмасини қуриш билан эмас, балки алоҳида бир аҳоли пункти учун мўлжалланган локал ичимлик сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан муаммони ечимини топиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов айни мавзу юзасидан қўйдагиларни гапириб берди.

 – 2021 йилдан бошлаб қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида локал ичимлик сув таъминоти тизимларини қуриш лойиҳалари давлат ижтимоий буюртмалари асосида амалга оширилиши йўлга қўйилади, – дейди А.Аҳмедов. – Яқин келажакда 5 миллион нафарга яқин аҳоли давлат ижтимоий буюртмаси асосида ичимлик суви билан таъминланади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича мутлақо янги механизм жорий этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, барча учун тоза ичимлик сувидан умумий ва тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятини таъминлаш ўта муҳим социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масала эканлигини эътиборга олган ҳолда ушбу вазифа мазкур фармон билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги зиммасига юклатилди.

Хусусан, вазирлик ҳар йили аҳоли сони 15 минг нафардан кам бўлмаган, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини танлов асосида беради.  

Танланган ННТ вазирлик томонидан ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан лойиҳалаштириш, қуриш ва қурилиши якунланган объектларни эксплуатация қилиш жараёнларини ташкил этади.

Ўз навбатида, вазирлик лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишини мувофиқлаштиради ва мониторингини юритади ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилади.

Давлат ижтимоий буюртмалар лойиҳаларини молиялаштириш асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва ушбу мақсадларда 2021 йилда вазирликка алоҳида 14 миллиард сўм маблағ ажратилади. Кейинги йилларда лойиҳаларини молиялаштириш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва лойиҳалар сони тегишли ташкилотнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига кўра ошириб борилади.

Фармонга мувофиқ, 2021 йилда синов тариқасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида лойиҳани амалга ошириш жараёнлари бошланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши, аввало, жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бевосита аҳолининг фаол иштирокини талаб этади. Бунинг учун авволо қишлоқ аҳоли пунктини танлаб олиш, қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш ва келгусида объектдан фойдаланиш каби масалалар аҳоли билан келишилган ҳолда ва бевосита иштирокида амалга оширилади.

Хусусан, давлат ижтимоий буюртма лойиҳалари аҳолининг камида 85 фоизи локал ичимлик суви таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ташаббуси билан қўллаб-қувватланадиган тақдирда ҳамда уни амалга ошириш жараёнига қисман молиявий ҳисса қўшишга тайёр бўлган қишлоқ аҳоли пунктларида амалга оширилиши бошланади.

Давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида қурилаётган ичимлик суви тизимига эгалик ҳиссини уйғотиш мақсадида аҳоли томонидан молиявий ҳисса қўшиш орқали қурилишнинг бир қисмини амалга ошириш кўзда тутилган. Бу эса аҳолининг қурилиш жараёнига дахлдор бўлишига ва қурилган объектга нисбатан мулкчилик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади ҳамда қурилган объектга нисбатан муносабатини ўзгартириб, уларни тизимдан эҳтиёткорлик билан узоқ муддат давомида фойдаланишга ундайди.

Аҳамиятлиси шундаки, қурилиши якунланган локал ичимлик сув таъминоти тизими бошқариш ва фойдаланиш учун аҳолининг умумий мулки сифатида маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига ўтказилади. Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминоти хизматини кўрсатадиган ҳамда қурилган ичимлик суви таъминоти тизимини бошқариш учун аҳоли томонидан нодавлат ташкилоти ташкил этилади.

Жорий этилаётган ушбу тизимда ичимлик суви таъминоти хизматлари учун тарифлар аҳоли билан келишилган ҳолда белгиланади. Бунда, ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва хонадонларга етказиш харажатлари, киритилган сармоя, амортизация ва бошқа харажатлар инобатга олинади.

Ушбу йўналишда республикадаги олис қишлоқларни хатловдан ўтказиш бошланди. Октябрь-ноябрь ойларида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ жойларга чиққан ҳолда маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини 25 та параметр асосида ўрганиб чиқди.  

Хатлов ва ўрганишлар натижасида 114 та шаҳар ва тумандаги сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилашга муҳтож 1 минг 273 та қишлоқ аҳоли пункти рўйхати шакллантирилди. Мазкур қишлоқларда 5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улардан 35 фоизи ичимлик суви билан ташиб етказиб бериш орқали таъминланмоқда, 65 фоизи эса ичимлик сувни альтернатив манбаларидан истеъмол қилмоқда.

Давлат ижтимоий буюртмалари доирасида 2021 йилда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, 2022 йилдан бошлаб эса республиканинг бошқа ҳудудларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда лойиҳа доирасида оқова сув хизматлари билан таъминланиши ҳам назарда тутилган.

Лойиҳаларнинг амалга оширилишида республикамиз ҳудудларида Швейцария Конфедерацияси ҳамкорлигида қишлоқ аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тажрибаси кенг қўлланилади.  

Дастлаб, мазкур лойиҳаларни синов тариқасида амалга ошириш учун Aндижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилашга муҳтож қишлоқлар рўйхатидан 2 тадан аҳоли пункти танлаб олинади.

Ушбу мақсадларни амалга оширишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги водий вилоятларида қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида танлов эълон қилди.  

Жорий йил якунига қадар танлов якунланиб, 2021 йилдан бошлаб лойиҳалар доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади.

 

ЎзА мухбири

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА ёзиб олди.