Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги мутасаддилари иштирокида Президентимизнинг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, ушбу қарорга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан туман даражасидаги давлат органларининг юридик хизмат штат бирликлари тугатилиб, ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари (барча туман ва шаҳарларда) ташкил этилади.
– Мазкур қарорга асосан туман даражасидаги давлат органларида 1 минг 182 та юридик хизмат штати қисқармоқда, – дейди Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Исломбек Жўраев. – Бу штатлар қаердан келиб чиқди, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Биламизки, туман даражасида қисқараётган ташкилотлар бор.
Молия бўлимлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим, маданият ташкилотларининг юридик хизмат штатлари бор. Маълум штатлар умумий йиғиндиси 1 минг 182 тани ташкил этади. Бу штатлар қисқаргандан кейин уларнинг ўрнига 3 тадан 7 тагача бўлган тарзда марказларни ташкил қилиш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, туман даражасидаги давлат органларининг юридик хизмат ходимлари адлия ходими ҳисобланади, уларнинг ўртача ойлиги уч баробар кўтарилади.
Туман даражасидаги давлат органларининг барча ҳужжатлари юридик хизмат кўрсатиш марказларида экспертизадан ўтказилади. Экспертизадан ўтказилмаган барча юридик ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Туман даражасидаги давлат органлари барча ҳужжатларни “E-huquqshunos” электрон тизими орқали электрон тарзда қабул қилади. Шунингдек, мазкур ҳужжат билан юридик хизмат ходимларининг тўлиқ мустақиллиги таъминланади, юридик хизмат ходимларини уларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолатлари бартараф этилади.
Қолаверса, аҳоли ва ижрочиларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтиришнинг янги бўғини яратилади. Малакали ва ёш ҳуқуқшунослар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизими йўлга қўйилиб, барча йўналишлардаги мураккаб ҳуқуқий муаммоларни коллегиал тарзда ечиш имконияти яратилади. Давлат органлари ва ташкилотларида бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА