1 миллион доллар қийматга эга навбатдаги қўшма лойиҳа
Техник топшириқларни ишлаб чиқишга оид “Statement of Work” лойиҳаси масаласи алоҳида кўтарилди.
Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ташаббуси билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров ва Давлат департаментининг Европа, Евроосиё ва Марказий Осиё давлатларига молиявий-техник кўмак бериш дастури мувофиқлаштирувчиси ўринбосари Ричард Стоддард ҳамда Тижорат вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) халқаро маслаҳатчиси Майкл Коффилд иштирокида онлайн-маслаҳатлашув ташкил этилди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган мазкур мулоқот давомида Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришга оид қонунчиликни, бу борадаги институционал асосларни такомиллаштириш лойиҳасини амалга ошириш тартиби ва шартлари муҳокама қилинди. Эътиборлиси, ушбу ҳамкорлик АҚШ давлат котиби Майк Помпео томонидан унинг жорий йил 2-3 февраль кунлари юртимизга ташрифи чоғида маълум қилинган 1 миллион доллар миқдоридаги молиялаштириш дастури доирасида йўлга қўйилмоқда.
Техник топшириқларни ишлаб чиқишга оид “Statement of Work” лойиҳаси масаласи алоҳида кўтарилди. Бунда бажариладиган ишлар мундарижаси ва ҳажми, режавий муддатлар, устувор йўналишлар, асосий вазифалар ва лойиҳани амалга оширишдан кўзланган натижалар, шунингдек тузиладиган шартномалар шартлари акс этади. Мазкур ҳужжат “Капитал бозори тўғрисида”ги ва “Капитал бозорини мувофиқлаштирувчи тўғрисида”ги қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу лойиҳаларнинг Қимматли қоғозлар халқаро комиссияси (IOSCO) стандарт ва тамойилларига мослигини, шунингдек Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш стратегиясидан келиб чиқадиган бошқа вазифалар бажарилишини таъминлаш мақсадида халқаро экспертлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш тартибини ифодалайди.
Техник топшириқларни ишлаб чиқиш асносида Америка томони лойиҳа имплементаторини танлаш мақсадида тендер эълон қилиши кутилмоқда.
Бунда лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш жараёни билан боғлиқ умумий мувофиқлаштириш ишлари Тижорат вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури, Ғазначилик, шунингдек АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) экспертлари томонидан амалга оширилади.
Мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги дипломатик миссияси масъул ходимлари маълум қилишича, коронавирус туфайли юзага келган вазият изга тушиши билан лойиҳани расман йўлга қўйиш ва Ўзбекистон томонидан шакллантириладиган ишчи гуруҳ билан дастлабки маслаҳатлашувни ўтказиш учун АҚШ Ғазначилиги техник кўмак офиси вакиллари мамлакатимизга ташриф буюради.