Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 миллион 400 минг долларлик ип-калава экспорт қилинди
18:38 / 2020-05-07

Хоразм вилоятидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички балки ташқи бозорга ҳам сотилмоқда.


Хоразм вилоятидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички балки ташқи бозорга ҳам сотилмоқда. Мазкур жараёнларни мувофиқлаштириб бориш давлат солиқ органлари зиммасига юклатилган.

– Пандемияси шароитида табиийки вилоятда ҳам айрим корхоналар фаолияти тўхтатилди, – дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Роман Отажонов. – Давлат солиқ органлари томонидан вилоятда 8 та йўналишдаги фаолият турлари билан шуғулланадиган 1336 та тадбиркорлик субъектлари рўйхати шакллантирилди.

 Шулардан 114 та йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар бўлса, 645 таси якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар. Шунингдек, ушбу корхоналарнинг фаолият олиб бориши даврида карантин ва санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина юқорида кўрсатилган турлар доирасида ташкил этиши учун шахсий жавобгарлик тегишли объект раҳбарига юклатилган.

“URG TEX” масъулияти чекланган жамияти ҳам вилоятда ип-калава ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан ҳисобланади. Беш юздан ортиқ киши меҳнат қиладиган ушбу корхона ўтган йили 2 миллион 300 минг АҚШ долларилик маҳсулотини хорижга экспорт қилди. Жорий йилнинг 4 ойи давомида эса экспорт ҳажми 1 миллион 400 минг долларни ташкил этди. 

Маҳсулотлар асосан Хитой, Туркия, Эрон ва Қозоғистон давлатларига сотилган. Ишлар тўрт сменада ташкил этилган корхонада ишчиларнинг санитар-гигиена қоидаларига амал қилиш, тозаликни сақлаш қаттиқ назорат остига олинган.

– Корхонамиз пахта толасидан йилига 4 минг тоннадан ортиқ ип-калава ишлаб чиқаради, – деди корхона раҳбари Музаффар Маҳмудов. – Биз жорий йил учун жуда катта миқдорда хорижий компаниялардан буюртма олганмиз. Шу сабабдан карантин даврида ҳам санитария – гигиена қоидаларига қаттиқ амал қилган ҳолда иш фаолиятимизни давом эттиряпмиз. Давлатимиз томонидан бизга берилган бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, темир интизом билан бор куч ғайратимизни ишга сарфлаймиз.

Мухтасар айтганда, ҳар қандай шароитда ҳам тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган товарларни ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотлари ҳажмларини ошириш ва турларини кўпайтириш мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.