1 миллиард долларлик марра забт этилди
Жорий йилнинг 7 ой натижаларига кўра, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорти 1 млрд. доллардан ошди.
Жорий йилнинг 7 ой натижаларига кўра, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорти 1 млрд. доллардан ошди.
Таъкидлаш керакки, 2020 йилга кўзланган 2 млрд. долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти йил бошида карантин чекловлари боис амалга ошмаслиги ҳақиқатга яқин эди. Ўзбекистон ва хорижий давлатларда карантин чоралари кучайиши оқибатида юк ташиш нархларининг кескин ошиши ва чекланиши, асосий бозорларимиз ҳисобланган Хитой, Туркия, Россия, Европа давлатларида йирик ритейлер ва савдо марказлари фаолиятини тўхтатиши оқибатида корхоналарга берилган буюртмалар қисман ёки тўлиқ бекор қилинишига олиб келди, аҳолининг сотиб олиш қобилиятлари сустлашиши сабабли маҳсулотларнинг жаҳон нархлари пасайиши кузатилди.
Бироқ, ҳукумат томонидан ўз вақтида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши оқибатида 252 тадан ошиқ экспорт қилувчи корхоналар фаолияти қайта тикланди, ишлаб чиқариш ва экспорт жадаллашди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва тармоқ корхоналарининг саъй- ҳаракати билан 2019 йилга нисбатан маҳсулотларнинг экспортдаги ўсиш суръати 112 фоизга таъминланди ҳамда ип калаванинг жами экспортдаги улуши 49% фоиз, газлама ва трикотаж матолар, тайёр тикув ва трикотаж маҳсулотлар - қўшимча ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг жами экспортдаги улушлари 51% фоиз таъминлашга эришилди.
Пандемия салбий оқибатларга эга бўлсада, саноат ривожланиши учун янги имкониятларни ҳам яратди. Муқобил транспорт коридорлари очилиши, янги бозорларга маҳсулот етказиб берилиши ва инновацион маҳсулотлар пайдо бўлишига олиб келди.
Масалан, қўшни давлатларда қатъий карантин чоралари қўлланилиши ва чегаралар ёпилиши сабабли Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги билан биргаликда Эрон Ислом Республикаси орқали юк ташувлари учун муқобил йўналишлар (Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) - Қозоғистон «Актау» порти - Касбий денгизи - Эрон ва Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) - Қозоғистон - Россия -Грузия - Арманистон/Озарбайжон - Эрон йўналишлари) ишлаб чиқилди. Маҳсулот экспортида авиаташувлар ҳам жадаллаштирилди.
Бу ўз навбатида тўқимачилик маҳсулотларини янги бозорларга етказиб бериш имконияти яратилди. Жумладан, июнь ойида Ўзбекистон Республикасининг Кувайтдаги элчихонаси кўмагида «Fursan Al Khaleej» ва «Енгилсаноатсавдо» МЧЖ ўртасида тузилган шартнома асосида Кувайт давлатига илк маротаба тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Бундан ташқари, тўқимачилик корхоналари томонидан кунлик 6 млн. дона ниқоб ва 10 минг дона комбинезонлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳимоя воситалари Украина, Россия, Кувайт, Беларус, Грузия каби давлатларга экспорт қилинди.
Умумий олганда, 395 турдаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари 57 дан ортиқ давлатларга етказиб берилди. Доимий бозорларимиз ҳисобланган МДҲ давлатлари қаторида Кувайт, Венгрия, Словакия ва Греция каби давлатларга ҳам илк бора тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисми Россия Федерацияси ($394,5 млн. – 39,2 %), Хитой ($187,6 млн. – 18,6 %), Қирғизистон ($139,1 млн. – 13,8 %) ва Туркияга ($123,5 млн. – 12,3 %) тўғри келмоқда.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси
Матбуот хизмати