Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 миллиард 650 миллион сўмлик давлат хариди бекор қилинди
11:56 / 2023-08-10

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти буюртмаси асосида қуёш фотоэлектр станциясини харид қилиш ва ўрнатиш юзасидан 1 миллиард 650 миллион сўмлик давлат хариди ўтказилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишда мазкур давлат харидида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси (баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига тааллуқли қоидалар), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилгани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.  

Хусусан, ушбу харидда иштирокчиларнинг таклифлари харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига зид равишда баҳоланган.  

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.  

Агентликнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти томонидан харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА