1 миллиард 125 миллион сўмдан ортиқ кредит қарздорлигини сўндирмаган тадбиркор мол-мулкидан ажралди
Тўлов муддати ўтгач, тижорат банки судга мурожаат этди.
Сурхондарё вилоятидаги “Шеробод Голд Фреш” масъулияти чекланган жамияти ва “Ҳасан Ҳусан ривожлантириш” хусусий корхонаси акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг Шеробод тумани бўлимидан йирик миқдордаги кредит маблағи олиб, уни муддатида тўлашга келганда турли баҳоналарни ўртага ташлай бошлади.
Тўлов муддати ўтгач, тижорат банки судга мурожаат этди. Суднинг ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюроси Шеробод тумани бўлими тижорат банки фойдасига мавжуд 1 миллиард 125 миллион 442 минг 897 сўм кредит қарздорлигини ундириш чораларини кўрди.
– Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Тижорат банклари томонидан кредит маблағлари тақдим этилаётир. Бироқ, айрим тадбиркорлик субъектлари олинган кредит маблағларини ўз вақтида қайтаришни унутиб қўймоқда. Бу ҳолат тижорат банкларининг самарадорлигини мустаҳкамлашга ўз таъсирини ўтказаётир. Жумладан, мазкур ҳолатда ҳам ижрочиларимиз қарздор “Шеробод Голд Фреш” масъулияти чекланган жамиятининг Шеробод туманидаги Олтин воҳа маҳалласида жойлашган меҳмонхона, ошхона ва савдо маиший хизмат кўрсатиш бинолари, 2015 йилда ишлаб чиқарилган “Орландо” русумли автомашинаси ҳамда Қизириқ тумани Оқжар маҳалласидаги қурилиш моллари дўконини хатловга олиб, қарздорликни сўндириш учун “Е-ижро аукцион” онлайн савдо майдончасига сотувга чиқарди. Аукцион савдосида “Орландо” русумли автомашина 135 миллион 900 минг сўмга ҳамда Қизириқ тумани Оқжар маҳалласидаги қурилиш моллари дўкони 120 миллион сўмга ўз харидорини топиб, сотувдан тушган маблағ ундирувчи “Халқ банки”нинг Шеробод туман бўлимига ўтказилди.
Қарздорнинг Олтин воҳа маҳалласидаги меҳмонхонаси, ошхона ва савдо маиший хизмат кўрсатиш биноси сотилмаганлиги сабабли “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш” тўғрисидаги қонуннинг 21-моддасига асосан баҳоланган нархидан 10 фоиз арзонлаштирилиб, ундирувчи акциядорлик тижорат Халқ банкининг Шеробод туман бўлими балансига ўтказиб берилди ва қонуннинг 41-моддасига асосан ижро иши юритиш тугатилди.