Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 май ҳолатига тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар қолдиғи 10,5 триллион сўмни ташкил этди
18:16 / 2024-05-29

Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Кичик бизнес ривожи учун сармоялар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Бобохон Бобожонов очиб берди. Қайд этилдики, 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан “Қишлоқ қурилиш банк” негизида “Бизнесни ривожлантириш банки” ташкил этилди ва унинг фаолияти устувор равишда кичик бизнес субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш ва уларга комплекс хизматлар кўрсатишга йўналтирилди. 

Матбуот анжуманида мазкур йўналишда қабул қилинган қарорлар ижроси доирасида банк томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. 

Қайд этилишича, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ халқаро молия институтларининг маблағлари ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали истиқболли кичик бизнес лойиҳаларини амалга оширади. “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” МЧЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кичик тадбиркорлик субъектларига бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва ишга туширишга кўмаклашиш, уларга консалтинг хизматларини кўрсатишга масъул бўлган 14 та кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ташкил этилди. 

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан 2023-2026 йилларда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини амалга ошириш белгиланган. Ушбу Дастур доирасида бизнес жараёнларини автоматлаштирган ҳолда ташкил этиш учун Бизнес портал ишга туширилди ва тегишли идораларнинг тадбиркорлик йўналишидаги ахборот тизимлари базаларига интеграция қилинди. Ҳозирда ушбу Бизнес портал орқали мижозларга онлайн молиявий ва консултатив хизмат кўрсатилмоқда. 

Тадбирда бу борадаги эришилган натижалар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. 

–Жорий йилнинг 1 май ҳолатига тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар қолдиғи 10,5 триллион сўмни (жами портфелдаги улуши – 50,2 фоизини) ташкил этди, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш департаменти директори Фаррух Норбеков. — Жумладан, саноат соҳасига – 4,3 триллион сўм, хизмат кўрсатиш соҳасига – 1,6 триллион сўм, савдо ва умумий овқатланиш соҳасига – 1,7 триллион сўм, қишлоқ хўжалиги соҳасига – 1,6 триллион сўм, қурилиш соҳасига – 1,3 триллион сўм тўғри келади. Жорий йил давомида тадбиркорлик субъектларига 1 427,1 миллиард сўм кредитлар ажратилган. 

Тадбиркорлик субъектларига ажратилган жами кредитларнинг 57,2 фоизи ёки 816,8 миллиард сўми (9 002 та мижозга) давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ажратилган кредитлар салмоғига тўғри келади. Жумладан, 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар – 799,6 миллиард сўм, 150 миллион сўмгача гаров талаби пасайтирилган кредитлар – 8,5 миллиард сўм, бошқалар – 8,7 миллиард сўмга тўғри келади. Жорий йил бошида банк кредит маҳсулотларидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари сони 5 минг 291 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич ҳозирги кунда 3 баробарга ошиб 16 минг 4 нафарга етган. 

Матбуот анжуманида қайд этилишича, банк томонидан тадбиркорлик субъектлари учун бозор талабларидан келиб чиқиб 30 дан ортиқ турдаги кредит маҳсулотлари жорий этилган. Жумладан, мақсадсиз микрокредит (нақд ёки нақдсиз), айланма маблағларни тўлдириш учун кредит, асосий воситалар сотиб олиш учун кредит, янги иш ўрни яратишни рағбатлантирувчи кредит, кўп қаватли уй-жой қуриш учун кредит, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун кредит, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун кредит, лизинг ва бошқалар шулар жумласидан. 

–Банкимизнинг тадбиркорлик субъектларига кўрсатаётган банк хизматлари натижасида жорий йил давомида банк мижози бўлган юридик шахслар томонидан 19 740 та янги иш ўрни яратилди, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бош менежери Шерзод Омонов. – Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун банк кафолати бўйича 3 турдаги (“Тендер”, “Аванс” ва Шартнома шартларини таъминлаш) нокредит маҳсулотлари жорий қилинди. Бундан ташқари, мижозларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб 20 турдаги банк хизматларини бирлаштирган ҳолда пакетлар (“Бизнесга биринчи қадам”, “Бизнесга кўмак”, “Бизнес прайм” ва Бизнес VIP) ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Ушбу банк хизматлари бўйича пакетларга уланишнинг асосий афзалликларидан бири сифатида масофавий хизмат (“Internet-Banking”, “Mobile-banking” ва “SMS-banking”) ларга уланиш ва ойлик абонент тўловлари бепул қилинганини қайд этиш мумкин. Банкнинг кўп йиллик доимий йирик пул оқимига эга бўлган 50 дан ортиқ мижозларининг (тадбиркорлик субъектлари) мурожаатларига асосан дебет айланмасидан олинадиган хизмат ҳақига имтиёзлар тақдим этилди. Ушбу кўрсатилаётган банк хизматлари натижасида жорий йил давомида 10 минг 410 та янги мижоз жалб қилинди, шундан асосий ҳисобрақам очган мижозлар – 8 минг 399 та, иккиламчи ҳисобрақам очган мижозлар – 2 минг 11 тани ташкил этгани маълум қилинди. 

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА