Ижтимоий тармоқларда 1 мартдан табиий газ нархи оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика соҳаси мутасаддилари ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, 1 мартдан табиий газ нархи ўзгармаган. Аҳоли томонидан тўловлар амалдаги, яъни эски тариф асосида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, 1 мартдан бошлаб қиш мавсумида амал қилган ижтимоий меъёр ўзгарди.
Аввал хабар қилинганидек, иситиш мавсумида табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёр 5 баробарга оширилиб, 100 куб метрдан 500 куб метргача белгиланган эди.
Ноябрь-февраль ойларида ҳар бир ой учун 500 куб метргача, март - октябрь ойларида эса ҳар ой учун 100 куб метргача базавий меъёр амал қилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ушбу тартиб октябрь-февраль ойларида қўлланилади.
Шу муносабат билан 1 мартдан 31 октябрга қадар ҳар ой учун 100 куб метргача бўлган ҳажм базавий меъёр сифатида амал қилади.
Шунингдек, Президент қарорига асосан эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ учун ҳар ойда давлат томонидан компенсация берилади.
Жумладан, электр энергияси бўйича ойига базавий меъёрдан ортиқ сарфланган 200 кВт·соатдан кейинги 150 кВт·соатгача бўлган қисми учун, табиий газ бўйича эса қиш ойларида 250 куб метргача, бошқа ойларда 150 куб метргача базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган қисми учун компенсация тўланади.
Эътиборлиси, илгари мазкур компенсациялар фақат қиш мавсумида амал қилган бўлса, эндиликда улар йил давомида ҳар ойда ажратилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА