Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 март – Франция билан дипломатия муносабати ўрнатилган кун
11:06 / 2024-03-01

Оноре де Бальзак, Виктор Гюго, Мопассан, Антуан де Сент-Экзюпери, Жюль Верн, Александр Дюма, Стендаль, Вольтер, Франсуа Мориак, Шарль Перро, Монтескье каби адиблар ватани – Франция Республикаси Ғарбий Европада жойлашган, пойтахти Париж шаҳри.

Ҳозиргача бир неча бор ўзгариш киритилган амалдаги конституцияси 1958 йил референдум орқали қабул қилинган. Давлат бошлиғи – президент умумий ва тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади ва яна 1 марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали парламент – Миллий мажлис ва Сенатдан иборат. Ижрочи ҳокимият Президент ва Вазирлар Кенгаши.

Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1992 йил 3 январда эътироф этган. Давлатларимиз ўртасидаги дипломатия муносабати ўша йили 1 мартда ўрнатилган бўлиб, июнь ойида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, 1995 йил мартда эса Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси фаолият бошлаган.

Жадал ривожланаётган Ўзбекистон – Франция муносабатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 ва 2022 йилларда Францияга, Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг давлатимиз раҳбари таклифига биноан 2023 йил 1-2 ноябрь кунлари диёримизга амалга оширган расмий ташрифлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Айни пайт кўп қиррали алоқалар барча йўналишларда изчил ривожланмоқда.

Товар айирбошлаш миқдори, қўшма корхоналар сони кўпайиб, жорий ва истиқболли лойиҳалар қиймати 10 миллиард евродан ошди. Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.

“Яшил” энергетика, хом ашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм каби муҳим соҳаларда янги йирик лойиҳалар илгари суриш чоралари муҳокама қилиниб, қатъий ишонч ва азалий дўстликка асосланган муносабат стратегик шериклик даражасида ривожланяпти.

Франция маориф тизими, илмий ва маданий-маърифий муассасалари ҳақида гап кетганда, давлатнинг мактаб устидан назорати XIX аср бошида Наполеон I давридан бошланганини таъкидлаш жоиз. Замонавий таълим усули XIX аср охирларидан шакллана бошлаган. 1905 йилда давлат ва черков мактаблари ажратилган. 1959 йил мажбурий таълим жорий килинган. 6-16 ёш болалар учун таълим мажбурий, университет даражасигача барча ўрта мактабларда ўқиш бепул. Мактабгача тарбиядан сўнг 6-11 ёш болалар бошланғич мактабда ўқийди. Ўрта таълим 2 босқичдан иборат, ўғил-қизлар 15 ёшгача коллежда, сўнг умумий лицей, академик курсларда ўқийди ёки ҳунар лицейларида техника таълимини олади ва ҳунар ўрганади.

Энг йирик олий таълим муассасалари – Париж университети, Олий нормал мактаб, Миллий политехника институти, Олий амалий мактаб, Миллий маъмурий мактаб, Олий кончилик мактаби, Де Франс коллежи  ва бошқа олийгоҳлар маҳаллий ҳамда хорижлик илм истаган талабаларнинг севимли масканига айланган.

Париждаги Миллий кутубхонада 7 миллиондан зиёд асар сақланади. Франция институти, Сорбонна, Сент-Женевьев, Арсенал, Страсбургдаги Миллий ва университет кутубхоналари сингари уч миллиондан кўп асар сақланадиган масканлар доимо китобхонлар билан гавжум.

225 галерея, 400 мингдан зиёд экспонатни жамлаган Париждаги Лувр музейи жаҳон бўйлаб нафақат санъатшунослар, балки миллионлаб санъат ихлосмандлари талпинадиган манзил. Шунингдек, Версал, Карнавал (Париж тарихи) музейлари, Жорж Помпиду номидаги санъат ва маданият миллий  маркази, Пикассо, Замонавий санъат, Импрессионистлар, Амалий санъат, Бальзак, Гюго, Роден музейлари, Граф Монте-Кристо қасри аталмиш Иф оролидаги музей фаранг халқи ифтихорига айланган.

Франция ОАВ, матбуоти давлат назорати ва цензурадан холи. Энг йирик газеталардан бири “Фигаро” 1826 йилдан нашр этилади. Шунингдек, мамлакатда “Парижлик” (Le Parisien 1944), “Тинчлик” (Paix 1944), “Франция оқшоми” (Soirée française 1941), “Инсоният” (Humanité 1904), “Ғарбий Франция” (Ouest de la France  1944 ), “Жануби-ғарб” (Sud-Ouest 1944) каби газета-журналлар, электрон нашрлар мавжуд.

Радиоэшиттишлар 1921 йилдан, телекўрсатувлар 1935 йилдан эфирга узатиб келинади. Радио ва телевидение хизмати мустақил, жамоат ташкилотлари, хусусий тижорат операторлари томонидан бошқарилади.

Франция ахборот агентлиги – AFP (Agence France-Presse) 1944 йил ташкил этилган дунёдаги энг йирик агентликлардан бири бўлиб, 1835 йил очилган Гавас француз ахборот агентлиги давомчисидир.

AFP 150 давлатга ахборот тарқатади. Унинг Вашингтон, Гонконг, Никосия ва Монтевидеода халқаро ваколатхоналари, 110 мамлакатда идораси мавжуд. Янгиликлари француз, инглиз, араб, испан, немис ва португал тилларида узатилади. Европа матбуот агентликлари иттифоқи аъзоси.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА