Пойтахтимиз Тошкентда йўловчиларнинг катта қисми метро хизматидан фойдаланади. Чунки метро энг қулай, хавфсиз ва тезкор транспорт тури.
"Тошкент метрополитени" ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкентдаги айрим метро бекатларининг иш вақти 1 июндан ўзгартирилади.
Маълум қилинишича, метро йўловчиларига қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида 1 июндан бошлаб Тошкент метрополитенининг «Ҳамид Олимжон», «Пушкин», «Мирзо Улуғбек», «Ойбек», «Беруний», «Абдулла Қодирий», «Новза», «Тошкент», «Космонавтлар», «Чорсу», «Тинчлик», «Туркистон», «Шаҳристон», «Бодомзор» ҳамда «Минор» метро бекатларининг 2-вестибюли (кириш ва чиқиш қисми) тонгги соат 05:00 дан кеч соат 00:00 га қадар йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Шу кунга қадар эса ушбу бекатларнинг 2-вестибюли (кириш ва чиқиш қисми) тонгги соат 07:00 дан 19:00 га қадар йўловчиларга хизмат кўрсатган.
Таъкидлаш жоизки, метро бекатларидаги бу ўзгаришлар пойтахт йўловчиларига янада қулайлик яратишда алоҳида аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА