АОКАда ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Отамуродов маълум қилишича, 2024 йилнинг 1 июнь ҳолатига республика бўйича 18 минг 696 та ҳолатда 3 минг 17 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Шундан, қишлоқ хўжалиги ерлари 1866 гектар, аҳоли пунктлари ерлари 516 гектар, саноат, транспорт, алоқа мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар 37 гектар, табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган ерлар 10,6 гектар, тарихий маданий аҳамиятга молик ерлар 2,2 гектар, ўрмон фонди ерлари 30 гектар, сув фонди ерлари 92 гектар, захира ерлар эса 462 гектарни ташкил этади.
Кадастр агентлиги томонидан берилган ёзма кўрсатмалар асосида 9 минг 617 та ҳолатда 1 минг 93 гектар майдондаги қонунбузилишлар ихтиёрий бартараф этилди.
Республика бўйича ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 608 та (5274 гектар) ҳолат аниқланиб, ушбу ерларга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш юзасидан ҳокимликларга 598 та (5264 гектар) тақдимномалар ҳамда судларга 10 та (9,5 гектар) даъво аризалари киритилди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларида қурилган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ҳақида судларга 5 минг 270 та даъво аризаси киритилди. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари кузатилган 855 та (186 гектар) иш ҳужжатлари ўрнатилган тартибда прокуратура органларига юборилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА