Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 июлдан ҚҚС маъмуриятчилиги ҳам соддалаштирилади
11:59 / 2022-06-29

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи Дилдора Ҳошимова солиқ маъмуриятчилигидаги янгиликлар тўғрисида маълумот берди.

Брифингда қайд этилишича, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида халқимиздан солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, тадбиркорлик субьектларига солиқ юкини камайтириш, уларнинг фаолиятига қулайликлар яратиш бўйича ҳам кўплаб таклифлар билдирилётгани қайд этилди. 

Мазкур таклифларни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари жорий йил 28 июнда “Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.  

Мазкур фармон билан, 2022 йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектларига (фойдаланилмаётган объектлар) ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган (3 ойга қадар 2 баравар, 6 ойга – 5 баравар, 12 ойга – 10 баравар, кейинги ҳар 12 ойда эса ошириб қўлланилган миқдорнинг 2 баравари миқдорида) ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби (таъсирчан солиқ механизми) бекор қилинмоқда. 

Шунингдек 2022 йил 1 июлдан ҚҚС маъмуриятчилиги ҳам соддалаштирилади. Мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига ҚҚС гувоҳномаси солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан автоматик равишда берилади. 

Солиқ органлари мониторинги давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ хавфи ҳолатларининг аниқланиши ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб қўйишга асос бўлади. 

Юқори хавф даражаси аниқланган тадбиркорларнинг ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан 5 кун олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади. Ушбу муддатда камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, ҚҚС гувоҳномаси тўхтатиб турилади. 

Амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлиши ёки солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганлик ҳолатлари бундан мустасно. 

Ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида товарлар (хизматлар) идентификация кодлари (МХИК)ни нотўғри акс эттирганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди. 

Хўжалик юритувчи субъектлар асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни “Е-aktiv” ахборот тизимида акс эттириш ихтиёрий ҳисобланади. 

Шаҳноза Маматуропова,  ЎзА