КУН ТАРИХИ
1866 йил – Тошкентда ўғил ва қиз болалар ўқийдиган биринчи рус мактаби очилди.
1886 йил – Туркистон Акциз бошқармаси ташкил этилди. Унинг фаолият доирасига Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари кирган. Ушбу идора спиртли ичимликлар, тамаки, гугурт ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг савдосидан эгри солиқлар олиш, шунингдек, герб, суд, паспорт ва бошқа йиғимларни тўплаш билан шуғулланарди.
1894 йили – Бухоро амирлигининг Шарқ мамлакатлари билан олиб борган савдо алоқаларини чеклаш, амирликни Россиянинг ички бозорига айлантириш, осиёлик савдогарларнинг Бухородаги мавқеини тушириш ҳамда Бухородан инглиз-ҳинд молларини сиқиб чиқариш мақсадида амирлик ҳудуди Россия божхонаси доирасига киритилди.
Тарихчи Файзулла Очилдиевнинг қайд этишича, шундан сўнг амирлик ҳудудига киритишга рухсат этилган Европа ва ҳинд-инглиз молларидан нил бўёғи, қимматбаҳо тошлар, дока ва қанд учун ҳар пудига 25 сўм, кўк чой учун 14 сўм 40 тийин миқдорда бож белгиланган.
1910 йил – физиолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Адҳам Юнусов таваллуд топди (вафоти 1971 йил). У 1952–1953 йилларда Ўзбекистон маориф вазири бўлган. Унинг тадқиқотлари асосида иссиқ шароитда ишлайдиганларнинг туз истеъмол қилиш меъёри, қорамолдан меъда шираси олиш усули ишлаб чиқилган.
1994 йил – Ўзбекистон ҳудудида ягона, чекланмаган ва қонуний тўлов воситаси сифатида миллий валюта – сўм муомалага киритилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1994 йилда 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик, 1997 йилдан 200 сўмлик, 2000 йилдан 500 сўмлик, 2001 йилдан 1000 сўмлик, 2013 йилдан 5000 сўмлик, 2017 йилдан 10000 ва 50000 сўмлик, 2019 йилдан 100000 сўмлик, 2021 йилдан 2000 ва 20000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.
2017 йил – Ўзбекистонда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилди. Биринчиси – диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ва иккинчиси – диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизимидир.
2017 йил – Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг “Clarivate Analytics” компаниясининг “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига обуна бўлди.
2019 йил – «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади