Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 декабрь – Руминияда миллий бирлик куни
20:14 / 2023-12-01

Руминиянинг миллий бирлиги байрами тарихи 1918 йил 1 декабрь, Трансильвания ва Банатдан келган руминлар Руминия Қироллиги билан бирлашиш учун овоз берган кундан бошланган.

Миллионлаб инсонлар ҳалок бўлган, ўн миллионлаб одамлар қочқинга айланган Биринчи жаҳон уруши Европа халқлари учун даҳшатли фалокат келтиргани маълум. Фронтнинг олд чизиғидаги мамлакатлар улкан вайронагарчиликка учраган. Руминия ҳам офат марказидаги давлат эди. Кичик халқ жасорат билан Россия ва Aнтанта томонини олди. Натижада, бир ярим йил давом этган шиддатли жангдан сўнг ҳудуд ишғол қилинди. Иттифоқчилар ғалабаси Руминиядан узоқроқда қўлга киритилса-да, барибир ғалаба умумий эди. Хуллас, румин халқи буюк авлодлари орзуси – миллий бирликка муваффақ бўлди!

Ушбу кунни Руминия анъанавий равишда Бухарестда ҳарбий парад ва машҳур сиёсий раҳбарлар расмий чиқиши билан кутиб олади. Давлат байроғи бинолар устида ҳилпирайди. Aксарият фуқаролар Бирлик куни дам олади, мактаб, университетлар ҳам ёпиқ бўлади.

Жорий йил 6 октябрда Руминия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 28 йил тўлди. Бу давр ҳар икки давлат учун муваффақиятли кечди.

– Руминия ва Ўзбекистон турли соҳалардаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда, – дейди ушбу мамлакатнинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниель Кристиан Чобану. – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар икки давлат муносабатини чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Энг мухими, ҳар икки томонда улкан салоҳият бор. Сиёсий ва дипломатик даражада муҳим натижаларга эришиляпти. 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган маслаҳатлашувнинг сўнгги даврасида ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор таъкидланди. Иқтисодий алоқа жадал ривожланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ўтган йилга нисбатан 330 фоиздан кўпроқ ўсган. Маданият, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. Руминия мавжуд алоқаларни янада чуқурлаштириш, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш тарафдори.

М.Пирматова, ЎзА