Бугун Руминия ўзининг энг асосий миллий байрами —миллий кунини нишонламоқда. 1918 йил 1 декабрда румин халқи ҳаётида ўчмас из қолдирган воқеа содир бўлган. Замонавий Руминия давлатчилиги тарихи ҳам айни санадан бошланади. Шу куни Трансильвания ва Баната руминлари Руминия қироллиги билан бирлашишга овоз берган.
Руминия анънавий равишда ушбу кунни ҳарбий парад ва таниқли сиёсатчиларнинг пойтахт Бухарестдаги расмий чиқиши билан нишонлайди. Бинолар пештоқида давлат байроқлари ҳилпирайди. Мамлакат фуқароларининг кўпчилиги бирдамлик кунида дам олади, мактаблар, олий ўқув юртлари ёпиқ бўлади.
Аҳлиси 22 миллиондан зиёд бўлган Руминия Республикаси Европанинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, маъмурий жиҳатдан 40 уезд ва уездга тенглаштирилган Бухарест муниципиясига бўлинади.

Мамлакатнинг амалдаги конституцияси 1991 йил 8 декабрда референдум йўли билан қабул қилинган. Мамлакатни президент бошқаради. Давлат раҳбари ушбу лавозимга 4 йиллик муддат билан икки марта сайланиш мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият 2 палатадан иборат, ижро функциясини ҳукумат амалга оширади.
Руминия ҳудудини Анд тоғи тизмаси ҳисобланган Карпат тоғлари ўраб туради. Қуйи Дунай ва Ғарбда Ўрта Дунай пасттекисликларидаги серҳосил ерларда руминлар деҳқончилик билан шуғулланади. Мамлакатда нефть ва газ, тошкўмир, темир, полиметалл, мис ва олтин рудалари, боксит, тоштуз конлари каби фойдали қазилмалар мавжуд.
Аҳолининг 90 фоизига яқини руминлар. Шунингдек, ўлкада венгр, немис, лўли, украин, серб ва руслар ҳам яшайди.
Руминия 1955 йилдан буён БМТ аъзоси ҳисобланади. Ушбу давлат Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 20 декабрда тан олган, 1995 йил 6 октябрда эса мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабати ўрнатилди.

Руминия аграр-индустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 41 фоизни ташкил этади. Шунингдек, хизмат кўрсатиш тармоғи ҳамда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳам мамлакат иқтисодиёти асоси ҳисобланади.
Саноатда ишлаб чиқарувчи тармоқлар устунлик қилади. Кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати, энергетика учун технология ва машина ускуналари, электротехника маҳсулоти шулар жумласидан. Бундан ташқари, Руминияда автобус ва бошқа транспорт воситалари, қурилиш машиналари, кема ва трактор ҳам ишлаб чиқарилади. Руминлар сифатли ва бежирим мебел, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари билан танилган халқ.
Сўнгги йилларда Руминия экспорт ҳажмини ошириш учун тизимли иш олиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакат четга трактор, автомобиль, транспорт воситаси, кимёвий ўғит ва нефть маҳсулотлари, қора метал ижараси, қувур, мебель, цемент, пойабзал, газлама, товуш ёзиш ускунаси, минерал хом ашё ва бошқа кўплаб замонавий товарлар чиқармоқда. Турли машина механизмлари, кимёвий моллар, ёқилғи ва хом ашё, озиқ-овқат, кенг истеъмол моллари эса импорт қилинади. Ташқи савдо соҳасида Германия, Италия, Россия, Франция билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган.

Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2020 йил 249 миллиард долларни ташкил этди. Бу жон бошига 11 минг 665 доллардан тўғри келади. Мамлакатнинг халқаро валюта захираси 2021 йил июнь ойидага маълумотга кўра, 49.356 миллиард долларга тенг.
Руминияда болалар 3 ёшдан 6 ёшгача боғчага боради, 6 ёшдан 8 йиллик мактабга қатнайди, сўнгра 2 йиллик лицей босқичи бошланади. Дарвоқе, Руминияда 10 йиллик таълим ҳам бор. Одатда бундай мактаб негизида ҳунар-техника тайёргарлиги амалга оширилади. Лицейни битирганлар олий ўқув юртида ўқишни давом эттириши мумкин.
Асрлар давомида маросим, дойна ва гайдук қўшиқлари миллий адабиёт шакли, румин тилининг такомиллашув воситаси бўлиб келган. 1521 йилда битилган Бояр Някшунинг хати дастлабки ёзма ёдгорлик ҳисобланади.
Ўзбекистон билан Руминия ўртасида дипломатик муносабат йўлга қўйилгач, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳада алоқалар кенгая борди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан Руминия ўртасида «Савдо иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида» битим имзолангани ва шундан кейинги давлат ташрифлари доирасида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратди.

Ўзбекистоннинг Руминияга экспорти пахта толаси, газлама, калава ип маҳсулотлари ва турли хизматлар шаклида амалга оширилади. Руминиядан эса пластмасса ва шу моддандан тайёрланган маҳсулотлар, мой ва ўсимлик ёғи, дори-дармон импорт қилинмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, нефть ва газ саноати соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Руминиянинг бир қатор етакчи банклари билан шериклик қилмоқда.
Ўзбекистон билан Руминия ўзаро иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш учун икки мамлакатнинг ҳукуматлараро иқгисодий кенгаши самарали фаолият кўрсатмоқда. Давлатларимиз ТРАСЕКА транспорт йўлаги барпо этиш дастури доирасида ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистон билан Руминия БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар доирасида халқаро терроризм, диний экстремизм, уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандаси, миллий, минтақавий хавфсизликка таҳлика соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш ҳақида ҳам келишиб олган.
Интернет материаллари асосида
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА