Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 декабрь – Қозоғистонда «Биринчи Президент куни» байрами
18:00 / 2021-11-30

Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатлари ҳисобланади. Бугунги кунда икки мамлакат муносабатлари яқин қўшничилик ҳамда стратегик шериклик руҳида изчил ривожланмоқда.

Ушбу ҳамкорлик алоқалари халқларимизнинг азал-азалдан шаклланган дўстлик ва қардошлик ришталарига, умумий тарих, тил ҳамда маданиятига асосланган.

Дарҳақиқат, икки халқнинг урф-одатлари, шодиёна кунлари ҳам муштарак.

1 декабрь – Қозоғистонда 2012 йилдан бери «Биринчи Президент куни» сифатида кенг нишонланади.

Ушбу кун қозоқ халқи қалбидан қандай ўрин олди?

Бу байрам Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат олдидаги буюк хизматлари шарафига белгиланган.

Элбоши Қозоғистоннинг бирлигини, Конституцияси ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаган мустақил давлатнинг асосчисидир.

Унинг Марказий Осиё, хусусан, Қозоғистон давлати учун амалга оширган ишлари бугунги кунда халқаро доирада эътироф этилмоқда.

Хусусан, «Назарбоев модели!» Дунёда шундай ибора ва тушунча бор. Бу тушунча вақт синовидан ўтган, мустаҳкам йўл тарғиботчиси маъносини англатади.

Ташаббуслар...

Халқаро майдонда Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан амалга оширилган ишлар доимий эътиборда.

Мисол учун, “G-GLOBAL” – жаҳон ҳукуматининг янги модели. Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши ташаббуси билан инсониятнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини давлатлараро даражада муҳокама қилиш учун кўп функцияли платформага айланди. Бу ерда инсониятни ташвишга солаётган муҳим масалалар муҳокама қилинади.

Ундан ташқари, Элбоши Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашни ташкил этиш бўйича глобал ташаббусни илгари сурди.

Шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳам Нурсултон Назарбоевнинг ғояси асосида ташкил этилган. Ҳозирда иттифоққа Қозоғистон, Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон мамлакатлари аъзо бўлиб, эркин иқтисодий интеграция кучайди ва мамлакатлар ўртасидаги савдо кўлами ошди. Бугунги кунда Ўзбекистон ушбу иттифоқда кузатувчи давлатдир.

Дарҳақиқат, Нурсултон Назарбоев Туркий давлатлар ташкилоти шаклланишида ҳам муҳим шахслардан бири бўлди.

Яна эътироф этиш лозимки, Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг бевосита иштироки ва назорати остида ўтган “ЕХРО-2017” халқаро кўргазмаси жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлди.

Нурсултон Назарбоев давлат ривожланишининг барча соҳаларида тезкор ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқди ва миллий модернизацияни муваффақиятли амалга оширди.

У ўзининг ривожланиш формуласини «аввал иқтисод, кейин сиёсат» деб белгилади. Бошқача қилиб айтганда, демократик институтларни ривожлантириш учун биринчи навбатда иқтисодий жиҳатдан ривожланиш керак эди. Бугунги кунда ушбу тажриба юқорида таъкидлаганимиздек, «Назарбоев модели» ёки «Қозоғистон йўли» сифатида тан олинди.

Ушбу моделнинг асосини эса пухта ва изчил ислоҳ қилинган давлат тузилмаси ташкил этади. Агар Қозоғистоннинг ўттиз йиллик ривожланиш тарихини умумлаштирадиган бўлсак, мамлакат биринчи президентининг саъй-ҳаракатларини асосий ислоҳот ва ривожланиш босқичи сифатида тавсифлаш мумкин.

Ўзбeкистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган самимий, илиқ муносабатлари туфайли мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқалари янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2021 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамкорлик йўналишдаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга асос бўлмоқда.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт инфратузилмаларининг жадал интеграциялашуви транспорт-транзит коридорларини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади ҳамда мамлакатлар ўртасида савдо ва инвестицияни рағбатлантириш, икки томонлама ҳамда минтақа даражасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун шароит яратади.

Сўнгги пайтларда парламентлараро алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар ташкил қилинди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари янги поғонага кўтарилиши икки қардош халқнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва жадал тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Шоҳрух НЎЪМОНОВ, ЎзА