Биргаликда курашсак натижа кўринади
Ўтган асрнинг 80 йилларида қайд этилган ОИВ/ОИТС (одамнинг иммунитет танқислиги вируси/орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) бугун дунё миқёсида тарқалган хасталикка айланди.
Бу касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида мамлакатимизда ҳам халқаро ва миллий дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Самарқанд вилоятида ҳам бугунги кунда ушбу хасталикнинг олдини олиш, инфекция юқтирган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун ОИТСга қарши курашиш маркази, 6 та туманлараро ОИТС ташхис лабораториялари, туман ва шаҳар марказий поликлиникаларида “Ишонч хоналари” фаолият кўрсатмоқда.
– Биринчи навбатда асосий эътиборни аҳоли ўртасида профилактика тадбирларини кучайтириш ва вирус тарқалишининг олдини олишга қаратганмиз, – дейди Самарқанд вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Зокир Умрзоқов. – Сабаби аксарият ҳолларда бу касаллик эътиборсизлик, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик ва бошқа салбий одатлар натижасида юқади. Шунинг учун аҳолининг бундан огоҳлиги муҳим ҳисобланади. Касалликка чалинган ва инфекция юқтирган беморларни эса белгиланган халқаро стандартлар асосида тизимли даволаш талаб этилади. Бу борада ҳам марказимизда зарур шарт-шароит яратилган. Яқинда марказимизда шифокор, аутрич ва психологдан иборат мобил кўп тармоқли бригада ташкил этилиб, беморларга паллиатив ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидан олиб келинаётган қон намуналари таркибини сифатли таҳлил қилиш учун марказ лабораторияларида зарур шарт-шароит яратилган, сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари келтирилган. Бу ерда ОИВ инфекциясига иммунофермент усулида текширишдан ташқари таҳлилларнинг тўғрилигини тасдиқловчи иммуноблот усули ҳам амалиётга жорий этилган. Бундан ташқари марказга полимераза занжир реакцияси таҳлилларини ўтказиш учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан Германияда ишлаб чиқарилган иккита “ДНК-96 технология аппарати, ламинар шкафлар олиб берилди. Глобал фонд томонидан эса СД-4 ҳужайраларини аниқлайдиган цитофлюрометр асбоби тақдим этилди.
Таҳлиллар жараёнида юқори сезувчанликка эга тест тизимидан фойдаланилмоқда. Бугунги кунда марказ базасида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг эпидемиология кафедраси фаолият кўрсатмоқда. Бу назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илмий ишлар ва беморларни даволаш самарадорлигини ошириш, замонавий педагогик технологияларни амалиётга жорий этишга хизмат қилмоқда. Шу кунларда марказ ва кафедра ходимлари ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда аҳоли ўртасида ОИВ/ОИТС хасталикларидан сақланиш борасида профилактика тадбирларини ўтказмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА