Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1 апрелдан «ВС» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш курсида кимлар бепул ўқитилиши айтилди
10:39 / 2021-03-11

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарларининг республикамиз ёшларига қўшма мурожаатномаси эълон қилинди.

Дастлаб ижод саройи ҳовлисида «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан ҳайдовчилар тайёрлашда фойдаланиладиган автомототранспорт воситалари ва спорт жиҳозларининг намойиши йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Сарой фойесида эса техник ва амалий спорт турлари бўйича кўргазма ҳамда спорт мураббийларининг маҳорат дарслари ташкил этилди.

Шундан сўнг ялпи йиғилишда икки ташкилот ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тантанали маросимдан кейин Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев эртанги кунимизнинг асосий таянчи бўлган ёшларга юзланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида агентлик олдида турган долзарб вазифаларга тўхталди. Тадбирни ҳар икки ташкилотнинг ҳудудий бўлимлари вакиллари видеоконференцалоқа орқали кузатиб борди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раиси полковник Ҳусан Ботиров ўз мурожаатида ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар мақсади, моҳияти, ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик ҳамда спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштиришга доир режалар тўғрисида маълумот берди. Унда таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 апрелидан республикамиз миқёсида «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда муҳтож оилалар фарзандлари «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида «ВС» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича бепул ўқитилиши йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа асосида ўқишга қабул қилинувчилар рўйхати Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тақдим этилади.

Шу ўринда полковник Ҳусан Ботиров барча ёшларни туман (шаҳар) кенгашларидаги ўқув муассасалари машғулотларида фаол қатнашишга чақирди.

Мутасадди раҳбарларнинг чиқишлари ташкилот мутахассислари томонидан тайёрланган «Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси» номли китоб тақдимотига уланиб кетди. Тадбир доирасида ўқувчи-ёшлар «Ватанпарвар» ташкилотининг картинг, спорт мотоциклларини спортчилар ва мураббийлар ёрдамида бошқариш имкониятига эга бўлди.

Қўшма мурожаат якунида автоспорт, авиамодель, ракетамодель, кемамодель, мотокросс, радиоспорт, картинг, триатлон, ёзги биатлон, пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича 2020 йилнинг энг яхши спортчилари ҳамда «Ватанпарвар» ташкилотининг энг илғор мураббийлари сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти ходими