Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга “Ўзэнергоинспекция” томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари бу борада ўрганиш ишлари ва профилактик тадбирлар олиб бормоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев қайд этганидек, иқтисодиётда шаффофликни ошириш ва яширин маблағ айланишини камайтириш мақсадида электрон тўловлар тизими кенг жорий қилинмоқда. Бу нафақат аҳоли учун қулай ва хавфсизликни таъминлайди, балки давлат солиқ тушумларини ҳам оширишда муҳим аҳамиятга эга. Автомобилларга ёнилғи қуйиш ва газ шохобчаларида электрон тўлов тизимини жорий этиш ҳам айнан шу йўналишдаги катта қадам саналади.
–Мазкур чора-тадбирлар доирасида “Ўзэнергоинспекция” Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда солиқ органлари ходимлари ҳамкорлигида вилоятдаги автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш ҳамда газ тўлдириш шохобчаларида профилактик ўрганишлар олиб борилмоқда. Ўрганишлар жараёнида шохобчаларда нақдсиз ҳисоб-китобларни кенг жорий этиш, тўлов тизимларининг узлуксиз ишлатилиши ҳамда ҳисоб-китобларнинг қонуний юритилиши ҳолатлари алоҳида назорат қилинади. Мазкур профилактик тадбирлар яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилади, –деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан ёнилғи қуйиш шохобчаларида аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш учун тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА