1-14 февраль кунлари 451 нафар ХХР фуқаролари республика ҳудудига кириб келган
Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши профилактик тадбирлар халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби
МАЪЛУМОТИ
(2020 йил 15 февраль ҳолатига)
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 15 феврал куни олинган расмий маълумотларга кўра дунё бўйича 67 098 нафар, Хитой Халқ Республикасида 66 576 нафаршахслар коронавирус инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 2 644 нафарни (4.0%) ташкил этмоқда. Касалланганларнинг 11 053 нафари оғир аҳволда бўлиб, 1 524 нафари ушбу касалликдан вафот этган. КасалликХитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 25 та давлатида 522 нафар фуқарода қайд этилган.
Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши профилактик тадбирлар халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда.
Коронавирус инфекцияси ташхиси ташкил этиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томониданРоссия Федерациясининг Роспотребнадзор хизмати тақдим этган коронавирус диагностикуми олиб келиниб марказий ва ҳудудий вирусологик лабораторияларга тақсимлаб берилди. Бугунги кунда барча ҳудудий лабораторияларда ПЦР ёрдамида коронавирусга текшириш йўлга қўйилди.
Коронавирус инфекциясини республика ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан Хитой Халқ Республикасидан келаётган Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси фуқароларининг рўйхати кунлик олиниш тизими йўлга қўйилди ва мазкур рўйхатда бўлган барча шахслар уй шароитида тиббий кузатув остига олинмоқда.
Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг январь ойидан
14 февралгача бўлган муддатда Хитой Халқ Республикасидан келган 4 305 нафар фуқаролар рўйхати олинган, улардан 3 058 нафарда 14 кунлик тиббий кузатув даври якунланган бўлиб, бугунги кунда 634 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий назорат давом эттирилмоқда.
Маълумот учун. Фуқароларни яшаш жойидаги даволаш муассасаси ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳарорати ўлчаниб, эпидемиологик кўрсатмалар бўлган ҳолларда коронавирусга лаборатория таҳлили ўтказилмоқда. Шу кунгача Хитой Халқ Республикасида бўлган154 нафар фуқарода шамоллаш белгилари қайд этилиб, уларда коронавирусга лаборатория текширувлари ўтказилди ва коронавирус инкор этилди.
Шунингдек, Республикамиз ҳудудида жами 495 та Хитой Халқ Республикаси билан қўшма корхоналар мавжуд бўлиб, бугунги кунда ушбу қўшма корхоналарда 2 845 нафар хитойлик фуқаролар фаолият олиб бормоқда. Хитой Халқ Республикасида янги йил байрамини ўтказиб бугунги кунда республикамиз ҳудудига қайтиб келаётган Хитойлик фуқароларни(ўрта ҳисобда кунига 30-40 нафар) борадиган манзилига аниқлик киритилиб, корхоналар ва меҳмонхоналарда келган кунидан бошлаб 14 кун мобайнида тиббий кузатув остига олинмоқда. Ушбу шахслар орасида шамоллаш белгилари қайд этиладиган бўлса, ҳудудий тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимларида карантинга олиш учун шароитлар яратилган.
Маълумот учун. Жорий йилнинг 14 февраль куни Тошкент халқаро аэропортига хорижий давлатлардан 26 та рейс орқали 4 186 нафар, темир йўллар орқали 5 та поездда жами 958 нафар шахслар, шунингдек,давлат чегара божхона постлари орқали 1 828 та автотранспортларнинг эгалари ва 33 937 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган, шулардан 35 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ҳамда 22 нафари Хитойда ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар.
Жумладан, жорий йилнинг 1-14 февраль кунлари давомида 451 нафар Хитой Халқ Республикаси фуқаролари республика ҳудудига кириб келган ва улар ўртасида касаллик аниқланмаган(тиббий кузатув олиб борилмоқда).
Бундан ташқари, жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари республикага Хитой Халқ Республикасидан келган 584 нафарЎзбекистон Республикаси фуқаролари “Бўстон”, “Энергетик” санаторийлари ва 6-сонли шахар клиник шифохонасига жойлаштирилган бўлиб, улар ўртасида коронавирус аниқланмади.
Маълумот учун.Жорий йилнинг 14-15 феврал кунлари 6-сонли клиник шифохона ва “Энергетик” сиҳатгоҳига жойлаштирилган фуқаролар ва уларга хизмат кўрсатувчи ишчи-ходимлардан жами 389 та қайта лаборатория таҳлили учун намуна олинди.
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 15 февралига қадар жами
1 352 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги
коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби