“Ўзкимёсаноат”: 31 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган
2019 йил “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятида самарали якунланди.
2019 йил “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятида самарали якунланди. Тизимда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Янги корхона, янги иш ўринлари яратилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ асосан минерал ўғит ишлаб чиқариш билан шуғулланар эди. Бугунги кунда органик, ноорганик, кимё реагентлари каби бошқа турдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган ҳисобига улар сони 108 тага етди. Бу эса умумий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 23 фоизини ташкил этмоқда. 2019 йилда 6,3 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Ўтган йилда соф ҳолда жами 1 миллион 220 минг тонна, жумладан, 900 минг тонна азотли, 120 минг тонна фосфорли, 200 минг тонна калийли минерал ўғитлар ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, маҳсулот турларини маҳаллийлаштириш ҳисобига 806 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди.

Бу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.
Матбуот анжуманида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Шавкат Набиев кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросида Президентимизнинг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳужжат эканини ҳамда унинг мазмун-моҳияти қандай мақсадларга қаратилганини атрофлича таҳлил қилиб берди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор билан Кимё саноатини ривожлантиришнинг 2019-2030 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланган. Дастур доирасида қиймати 12,1 миллиард долларга тенг, шундан 1,7 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган 31 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

– Кимё соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ қилиш борасида охирги 3 йилда ўзлаштирилган инвестициялар 1 миллиард 373 миллион доллар бўлиб, бундай ҳажмдаги инвестиция аввалги ўн йилларда ҳам киритилмаганини алоҳида қайд этиш ўринлидир, – деди Ш.Набиев. – Декабрь ойининг сўнгги кунлари “Навоийазот” акциядорлик жамиятида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилди. Янги корхонада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда талаб юқори. Улар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинар эди. Айниқса, кичик бизнес субъектлари бу масалада жуда қийналарди. Бу янги мажмуа юртимиз корхоналарини зарур хом ашё билан таъминлайди. Шунингдек, ҳар йили 40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Янги мажмуада 900 дан зиёд иш ўрни яратилди.
Амалга оширилаётган бу каби лойиҳалардан кўзланган мақсад замонавий ишлаб чиқариш технологияларини қўллаш орқали энергия ресурсларини тежаш ва атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишдан иборатдир. “Навоийазот” АЖда қурилаётган яна бир йирик лойиҳа ҳам азот кислотаси ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган мажмуа ҳисобланади.
– Умумий қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда, – деди “Ўзкимёсаноат” АЖ бўлим мутахассиси Мадина Абдуллаева. – Корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари якунланаётир. Мажмуани 2020 йил февраль ойида ишга тушириш режалаштирилган. Янги қувват ишга туширилгач, 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергия сарфи 18 баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна нитроз газлари тутиб қолинади.
