Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзэкспомарказда Тожикистон саноати маҳсулотлари кўргазмаси давом этмоқда
14:01 / 2018-08-20

Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини давом эттирмоқда

Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини давом эттирмоқда.

Ушбу кўргазма қўшни мамлакатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти, инвестиция сиёсати билан ўзбекистонлик ишбилармонларни яқиндан таништириш, халқларимизнинг бой маданий меросини, туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда Тожикистоннинг тоғ-кон саноати, металлургия, энергетика, фармацевтика каби соҳаларда эришган ютуқлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, енгил саноат, мебелсозлик, заргарлик, туризм каби тармоқларда эришган ютуқлари намойиш этилмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси туфайли дўст ва қўшни мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармон доиралари ўртасидаги яқин шерикликни янада мустаҳкамлаш имконини берадиган турли даражадаги форум ва кўргазмалар ташкил этиш ўзига хос анъанага айланди. Фикримизнинг тасдиғи сифатида ўтган йил апрель ойида Душанбе шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари миллий кўргазмаси ва октябрь ойида пойтахтимизда Тожикистон Республикаси миллий маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтганини айтиш мумкин.

Президентимизнинг жорий йилда Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш имконини берди. Термизда ташкил этилган Хатлон вилояти товар ишлаб чиқарувчилари ярмаркаси ҳам ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг янги босқичда давом этаётганидан дарак беради.

"Тожикистонда ишлаб чиқарилган" шиори остида ўтказилаётган бугунги кўргазмада "Талко" ва "Гаюр" компаниялар гуруҳи, "Моҳир цемент" МЧЖ, "Фароз" кўп тармоқли корхонаси, "Ангишт", "Намаки Ашт ва Хўжамўмин" ДУК, "Амири", "Маколли", "Оби зулол" каби 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

– Тоғ-кон, метталургия, кимё саноати каби қатор соҳаларни бирлаштирган корхонамиз Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди "Нокили Талко" директори Шоҳиён Юсуф. – Корхонамизга мамлакатингиздан олтингугурт, мис, кальцийли сода, қурилиш моллари импорт қилинади. Ўз навбатида, корхонамизнинг алюминий, кўмир, флюорит сингари маҳсулотлари Ўзбекистон саноати учун етказиб берилмоқда. "Талко" бугун корхоналар тармоғи сифатида маҳсулот экспорти географиясини кенгайтириб бормоқда. Бунда Ўзбекистон билан мустаҳкамланиб бораётган муносабатлар муҳим ўрин тутади. Кўргазмада "Андижон кабель" корхонаси билан мис ва алюминий кабеллар экспорт-импорти бўйича манфаатли келишувларга эришдик.

Озиқ-овқат ва истеъмол товарлари стендида Тожикистоннинг 50 дан зиёд корхона ва компаниялари импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлари билан қатнашмоқда. "Шири Душанбе", "Pokiza", "Субҳи ватан", "Ширин премиум" компаниялари томонидан тақдим этилаётган 200 дан зиёд турдаги маҳсулотлар ўзининг юқори сифати билан кўргазмага ташриф буюрувчиларга манзур бўлди.

– Корхонамиз сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, уларнинг ички ва ташқи бозорда савдосини йўлга қўйиш билан шуғулланади, – дейди Тожикистоннинг "Шири Душанбе" комбинати масъул ходими Назармо Назарбекова. – Маҳсулотларимиз табиий, соғлиқ учун фойдали. Бу эса корхонамиз учун биологик тоза маҳсулотларга талаб юқори бўлган Ўзбекистон бозорига йўл очиши мумкин. Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, янги тармоқлар ҳисобига фаолият турини кенгайтириш ривожланишнинг муҳим шартига айланган. Ўзбекистонда ҳалол стандарти жорий этилаётгани ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг ана шундай янги йўналиши. Мамлакатингизнинг ушбу тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш истагидамиз.

Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган "Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши" тамойили бугун минтақада ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди. Туризм соҳасида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши сайёҳлик саноатининг мамлакатларимиз ўзаро товар айланмасидаги улушини сезиларли ошириш имконини бермоқда.

– Ўтган йили Тожикистонга 500 мингдан зиёд сайёҳ келган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 700 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда, – деди Тожикистон Туризмни ривожлантириш ташкилотлари уюшмаси раиси Фаттоҳ Файзуллаев. – 2018 йил мамлакатимизда Туризмни ривожлантириш ва халқ ҳунармандлиги йили, деб эълон қилинганини бундай ижобий ўзгаришларнинг муҳим омили сифатида кўрсатиш мумкин. Мамлакатларимиз юқори туристик салоҳиятига эга. Имкониятларимизнинг бирлаштирилиши бу борадаги салоҳиятни янада оширишга хизмат қилади.

Кўргазмада Тожикистоннинг 10 дан ортиқ сайёҳлик компания ва фирмалари иштирок этмоқда. Улар ўзларининг транзит, транспорт, меҳмонхона каби сервис соҳасидаги хизматларини намойиш этмоқда.

Тадбир доирасида кимё, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.