“Ўзбекистон МЭТ”: Электр таъминотидаги носозлик бугун 19:00 га қадар тикланади
Шу кунларда республикамиз бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кузатилаётган бир вақтда айрим ҳудудларда нафақат газ балки, электр энергияси таъминотида ҳам узилишлар кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Шу кунларда республикамиз бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кузатилаётган бир вақтда айрим ҳудудларда нафақат газ балки, электр энергияси таъминотида ҳам узилишлар кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари“ акциядорлик жамияти ахборот хизматининг хабар беришича бу узилишлар носозлик сабабли юзага келган бўлиб, тез орада электр таъминот тикланади.
Хабарда қайд этилишича, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг асосий қисми “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тасарруфидаги бир нечта иссиқлик электр станцияларида табиий газ, кўмир, мазут ва бошқа нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига ҳосил қилинади. Бугун, 24 ноябрь куни кундузи 14:26 дан “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ 1-сонли буғ-газ қурилмасининг совитиш тизимидаги технологик носозлик туфайли Ўзбекистон Республикаси электр энергияси тизимида кунлик ўртача меъёрнинг қарийб 4-5% га (460 МВт қувват) тушиш ҳолати кузатилган. Бу мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик чекловлар пайдо бўлиши мумкинлигидан дарак беради.
Миллий диспетчерлик марказига “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тақдим этган маълумотларга кўра, таъмирлаш ишлари бугун соат 19:00 гача давом этади.
Маълумот учун: Навоий ИЭСдаги 1-сонли буғ-газ қурилмаси кунига 11 млн.квт•соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз: электр энергияси иссиқлик ҳамда гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилиб, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги юқори кучланишли магистрал тармоқлар орқали “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимидаги подстанцияларга етказиб берилади.
"Энерготизимда юзага келган фавқулодда ҳолат учун истеъмолчилардан узр сўраймиз", - дейилади “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари“ акциядорлик жамияти ахборот хизматининг хабарида.