Ўзбекистон – Италия бизнес форуми
"Toshkent city" халқаро ишбилармонлик марказидаги “Hilton” меҳмонхонасида 22 ноябрь куни Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана раҳбарлигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Италия бизнес форуми ва “G2B” музокаралари бўлиб ўтди.
"Toshkent city" халқаро ишбилармонлик марказидаги “Hilton” меҳмонхонасида 22 ноябрь куни Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана раҳбарлигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Италия бизнес форуми ва “G2B” музокаралари бўлиб ўтди.
Тадбир икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш ва янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Италиянинг Ломбардия маъмурий вилояти губернатори А.Фонтана сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Италия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганини қайд этди.
Иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилиш икки томон учун ҳам бирдек манфаатли. Бунинг учун мавжуд алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, фойдаланилмаган захираларни ишга солиш керак. Тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлиги шундай имкониятлардан.
Учрашувда Италиянинг пластмассага ишлов бериш ускуналари, нефть-газ сектори, сигнализация тизимлари, инфратузилма, металл маҳсулотлари, автомобиллар учун аксессуарлар ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган компаниялари тақдимотларида бунга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорларнинг мулоқотлари ташкил этилди.
“G2B” форматидаги музокарада ишбилармонлар ҳамкорлик бўйича фикр алмашди, ўз таклифларини билдирди.
Мамлакатимиз Италияга асосан хизматлар, мато, калава-ип, қуритилган мева экспорт қилади. Италиядан механик ва электр жиҳозлари, автомобиль қисмлари, пластмасса, фармацевтика ва тўқимачилик буюмлари, шунингдек, қурилиш материаллари импорт қилинади.
Ҳозир Ўзбекистонда Италия капитали иштирокидаги 29 корхона фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, “Италия – Ўзбекистон” савдо палатасининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.
Ишбилармонларнинг мазкур учрашуви ўзаро ҳамкорлик йўналишларини яна бир бор кўриб чиқиш ва истиқболли шартномалар имзолаш учун замин бўлди.