English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғўза селекцияси истиқболлари
20:08 / 2014-12-12

Мамлакатимиз селекционерлари ўтган йилларда икки юздан ортиқ ғўза навини яратди. “Бухоро-6”, “Бухоро-102”, “Омад”, “Султон” ва бошқа олтмишга яқин тола сифати юқори навлар районлаштирилди.

Мамлакатимиз селекционерлари ўтган йилларда икки юздан ортиқ ғўза навини яратди. “Бухоро-6”, “Бухоро-102”, “Омад”, “Султон” ва бошқа олтмишга яқин тола сифати юқори навлар районлаштирилди. Ушбу навларнинг афзалликлари анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркаларида хорижлик мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий- тадқиқот институтида “Ўзбекистон пахтачилигини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида ўтказилган илмий-амалий анжуманда шулар хусусида сўз борди.

Тадбирда мамлакатимизда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашга бўлган ёндашув тубдан ўзгаргани, ғўза уруғчилиги, агротехникаси ҳамда толашунослигини қамраб олган яхлит тизим яратилгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарорга кўра Пахтачилик, ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институти ҳамда Республика бирламчи ва уруғшунослик станцияси негизида Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Институт минтақаларнинг тупроқ иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда селекция ва навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, янги селекция навларини синаш, турли тупроқ иқлим шароитига мосларини танлаш, илғор агротехнологияларни ишлаб чиқиш ва фермер хўжаликларига жорий этиш билан шуғулланмоқда. Жорий йилда институт моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва изланишларни замон талаблари асосида амалга ошириш учун қарийб олти миллиард сўм маблағ ажратилди.

Юртимизда ғўза генофонди бойитилиб, ғўза коллекцияси 21 мингтага етказилди. Серҳосил, тезпишар, тола чиқиши ва сифати юқори, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли ғўза навларини яратиш борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос агротехнологиялар ишлаб чиқилмоқда.

Бу жараёнда тупроқ унумдорлигини оширувчи технологияларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, буғдойдан бўшаган майдонларга бошоқли, дуккакли дон ҳамда озуқа экинларини такрорий ва оралиқ экин сифатида экиб, парваришлаш технологиялари ишлаб чиқилди. Илмий тажрибалар натижасида соядан кейин экилган ғўза ҳосилдорлиги 2,6 центнерга, мошдан кейин экилгани 1,4 центнерга ошиши аниқланди.

Тадбирда ғўза селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологиялари бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари муҳокама қилиниб, тупроқ унумдорлигини ошириш, ғўза ва такрорий экинлардан мўл ҳосил етиштириш, бунда самарали технологиялардан фойдаланиш, тупроқни ҳимояловчи, хомашё, ёнилғи ва сув ресурсларини тежовчи технологиялар яратиш каби мавзуларда маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.