Ғўза парваришида муҳим палла
Ҳозирги тиғиз меҳнат мавсумида ғўзани суғориш, чеканка ва культивация қилиш тадбирлари сифатли бажарилса, мавжуд ҳосил нишоналари тўлиқ сақланиб, бўлиқ кўсаклар янада кўпаяди.
Ҳозирги тиғиз меҳнат мавсумида ғўзани суғориш, чеканка ва культивация қилиш тадбирлари сифатли бажарилса, мавжуд ҳосил нишоналари тўлиқ сақланиб, бўлиқ кўсаклар янада кўпаяди.Асад ойида ғўза кун санайди. Бунинг маъноси шуки, экин кун сайин ривожланиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланади. Шу маънода, бу ойда деҳқонларимизнинг масъулияти икки карра ошиб, улардан эртаю кеч ҳушёр бўлиш, ҳар туп ғўзани назардан қочирмаслик талаб этилади. Мавсумдаги биргина хато ҳосил салмоғига путур етказиши ҳеч гап эмас.
Шуни ҳисобга олиб, фермер хўжалигимизда суғоришни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу тадбирни мутахассислар тавсиясига кўра, тунда амалга ошираётирмиз. Натижада 60 гектар даладаги ғўза қониб сув ичиб, баравж ривожланмоқда. Суғоришда «шарбат» усулини қўллаётганимиз намликни узоқроқ сақлаш ва сувни тежаш имконини бераётир. Ҳар бир ниҳолда ўртача йигирмата бўлиқ кўсак бор. Баъзи ғўзаларда ўттизтадан кўпроқ кўсак санаш мумкин. Лекин бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Халқимиз айтганидек, даладагиси эмас, хирмондагиси ҳисоб.
Бу йил ҳарорат аввалги йилларга қараганда бирмунча юқори. Бундай шароитда тупроқнинг намини қочирмаслик керак. Бунга йўл қўйилса, ер ёрилиб, ғўза илдиз тизимига шикаст етиши, яна ҳам ёмони, чанқаган экин гул ташлаши мумкин.
Фермер хўжалигимиз аъзолари билан ҳар куни даланинг қайси жойида аҳвол қандайлигини аниқлаб, навбатдаги юмушларни белгилаб олмоқдамиз. Биринчи сувдан кейин ер етилиши билан қатор оралари чуқур юмшатилгани ниҳоллар ривожини тезлаштирди. Зараркунандалардан ҳимояланиш учун далаларга олтинкўз, трихограмма ва бракон чиқариб, тўлиқ ишлов берилмоқда.
Кўп йиллик тажрибамдан биламанки, ғўза – меҳрталаб экин. У деҳқоннинг парваришидан қувват олиб яшнайди. Кечани – кеча, кундузни – кундуз демай қилинган фидокорона меҳнат туфайли баракали ҳосил тўплайди.
Ўзимиздан қиёс: ҳар йили агротехника юмушларини ўз вақтида бажариб, бонитети паст бўлган ерлардан ҳам ўртача 50 центнердан ошириб ҳосил олаётирмиз. Бу йилги мўлжалимиз ҳам ана шу кўрсаткичдан кам эмас. Зеро, бу ойда бажарилган юмушлар куздаги хирмоннинг салмоғини белгилаб беради. Буни чуқур ҳис этган ҳолда, бутун жамоамиз билан бир тану бир жон бўлиб, ғўзани оби тобида парваришлаш пайида бўлмоқдамиз.
Ғайрат Пўлатов,
Қашқадарё вилояти Ғузор
туманидаги «Истиқлол»
фермер хўжалиги раҳбари.