Ўқувчиларни IT-мактабга қабул қилиш бошланди
Кириш имтиҳонлари икки босқичда бўлиб ўтади.
Бугун 2020/2021 ўқув йили учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактабнинг 5-9 синф ўқувчиларини қабул қилиш бошланди.
Ҳужжатлар мактабнинг расмий сайтида 20 сентябрга қадар онлайн тарзда қабул қилинади. 21-24 сентябрь кунлари рўйхатдан ўтган барча талабгорларга электрон шаклда идентификация рақами (ID) юборилади. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида 10 сентябрдан бошлаб 1206 телефон рақами бўйича Call-centr ишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда белгиланган квотага кўра, 5 синфга 120 нафар, 6-7 синфларга 60 нафардан ўқувчи ва 9-синфга 30 нафар ўқувчи танлов асосида қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари икки босқичда бўлиб ўтади. Биринчи босқичда – 25 сентябрдан 29 сентябрга қадар математика ва инглиз тилидан онлайн-тест ҳамда мантиқий масалалар бўйича топшириқлар бўлиб ўтади. Иккинчи босқичда 3-5 октябрь кунлари талабгорлар ZOOM дастуридан фойдаланган ҳолда, математика, физика ва инглиз тилидаги билимларини онлайн-суҳбат орқали кўрсатиб беришлари лозим.
Суҳбат давомида ҳар бир ўқувчига уч нафардан мутахассис бириктирилади. Онлайн-имтиҳон ёзиб борилади. Саралаш босқичининг шаффофлигини таъминлаш учун Тошкентдаги Инҳа Университети, Амити Университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари университети ўқитувчилари имтиҳон жараёнига жалб қилинади.