English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқувчилар учун музейларда дарслар ташкил этилади
15:48 / 2019-09-30

Мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун яратилган имкониятлардан улар қандай фойдаланмоқда?


Мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун яратилган имкониятлардан улар қандай фойдаланмоқда? Маданият марказлари, музейларга ўқувчи-ёшлар ва талабалар ташрифи қай даражада? Мавжуд аҳволни янада яхшилаш учун ҳамкорликда қандай ишлар амалга оширилиши зарур?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Маданият вазирлигида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда маънавиятини юксалтиришда маданият марказлари ва музейлар фаолиятининг ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда қўмита ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ёшлар бўйича доимий комиссияси аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, маданият марказлари ва музейлар мутахассислари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимиздаги маданият марказлари ҳамда музейларнинг бугунги ҳолати, уларга ёшларни жалб этиш, шу каби тузилмаларнинг таълим муассасалари билан ҳамкорлигини кучайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, олий таълим сифатини оширишда маданият марказлари ва музейлар имкониятларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти, улар учун салоҳиятли кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди.

– Музейларимизда мамлакатимиз ўтмишига боғлиқ экспонатлар жуда кўп, – деди маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова. – Афсуски, биз уни кўрсатиб беролмаяпмиз. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда музейларимиз юз фоиз ишлаяпти, деёлмаймиз. Масалан, Жанубий Кореяда Конфуций академияси бор. У ерда мактаб болаларига дарс ўтилди. Нью-Йоркдаги Соломон Гуггенхейм музейи ҳам 230 мактаб билан ҳамкорликда ишлайди. Биз ҳам шу амалиётни йўлга қўймоқчимиз. Музейларни таълим соҳаси билан боғлаш вақти келди. Мутахассислар ўқувчиларга дарсларни музейларга бориб ўтиши учун шароит яратилади. Бундан ташқари, музей ходимларининг дунёқарашини ўзгартириш борасида амалий ишлар бошланди. Вазирлик жорий йил охиригача музейлар директорларини аттестациядан ўтказади.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда ўндан ортиқ музей ташкил этилди. Мўйноқдаги Экология музейи, Шаҳрисабздаги Мақом музейи шулар жумласидандир. Жойларда “Ёш археологлар”, “Ёш реставратлар”, “Ёш музейшунолар” тўгараклари ташкил этилмоқда.

– Институтимиз мамлакатимизда музейшунос кадрларни тайёрлайдиган ягона муассаса ҳисобланади, – деди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти кафедра мудири Камола Нишонова. – Институтда 1997 йилдан буён музейшунос кадрлар тайёрланмоқда. Охирги йилларда малака талаблари қайта кўриб чиқилди, дарсликлар янгиланиб, талабаларга қўйилаётган талаблар ортди. 2017 йил давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан институтда музей педагогикаси, музей менежменти ва маданий туризм, музей предметлари экспертизаси, консервациялаш ва таъмирлаш кабилар йўналишлар очилди. Талабаларга замон талабидан келиб чиқиб инглиз тили ва бошқа фанлар чуқурлаштириб ўргатилмоқда. Коллежларни тамомлаб шу соҳада ишлаётган, бироқ олий таълим муассасасида таҳсил олмаган мутахассислар ҳам махсус сиртқи таълимда таҳсил олиши йўлга қўйилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори маданият ва санъат соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Концепцияга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 894 маданият ва аҳоли дам олиш маркази негизида 820 маданият маркази ташкил этилди. Ўз биносига эга эмаслиги сабабли 74 маданият марказининг иш фаолияти тугатилди. Мазкур ҳужжатга биноан 2019-2022 йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида 147 маданият маркази зарур воситалар билан тўлиқ таъминланиб, замонавий биносига эга бўлади. Шундан 26 маданият маркази янгидан қурилади, 45 таси реконструкция қилинади ва 76 таси капитал таъмирланади.

Ҳозирги кунда Маданият вазирлиги Президентимиз томонидан қўйилаётган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшларни маданият ва санъат муассасаларига жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, вазирлик тасарруфидаги театр, маданият марказлари, фольклор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, вокал-чолғу, эстрада ансамблларида 3 мингдан ортиқ бадиий ҳаваскорлик тўгараги ташкил этилган бўлиб, уларда 80 мингга яқин ёш бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда.