Ўқувчилар олимпиада синовларини онлайн топширади
Энди фарзандингиз уйда ўтириб ҳам ўз иқтидорини синаб кўриши мумкин. Қандай қилиб дейсизми?
Энди фарзандингиз уйда ўтириб ҳам ўз иқтидорини синаб кўриши мумкин. Қандай қилиб дейсизми?
Мамлакатимизда рақамли билимлар ва замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлар ўқувчилари учун “Онлайн олимпиадалар ташкил этиш ва иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириш” ахборот тизими– olympiad.uzedu.uz ишга туширилди.
Ахборот тизимининг мақсади ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фанларга оид қўшимча материаллар билан таъминлаб бориш, эгаллаган билимларини баҳолаш, натижаларни онлайн мониторинг қилиш учун имконият яратишдан иборат.
Онлайн олимпиадалар 4-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан ташкил қилинади. Ўқувчилар олимпиадада бепул ва ихтиёрий равишда иштирок этиши мумкин. Бунинг учун иштирокчилар olympiad.uzedu.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши ва таҳсил олаётган таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланиши керак бўлади. Онлайн олимпиадаларни фанлар бўйича ўтказиш жадвали olympiad.uzedu.uz веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Онлайн олимпиада топшириқлари мураккаблик даражаси турлича бўлган 20 та тест саволидан иборат бўлиб, топшириқларни бажариш учун ўқувчиларга бир соат вақт ажратилади.
Онлайн олимпиада Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ёшлар билан ишлаш департаменти томонидан мувофиқлаштирилади.
Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ёшлар билан ишлаш департаменти мутахассиси Нодирбек Холиқулов шундай дейди:
- 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“ деб эълон қилиниши мамлакатимизда таълим соҳасига катта эътибор берилаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бу йил математика, биология, кимё ва геология соҳаларини ривожлантириш мақсад қилиб қўйилди. Янги жорий қилинган онлайн олимпиадалар ахборот тизими илм-фан ривожига ўз ҳиссасини қўша оладиган иқтидорли ёшларни аниқлаш имкониятини яратади.Умид қиламизки, онлайн олимпиадаларни ташкил этиш ёшларнинг юртимизда ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, онлайн олимпиадалар бир йилда 4 маротаба ўтказилади.