Ўқув жараёни билан таништирув ҳафталиги бошланди
Мазкур институтда таништирув дарслари махсус жадвал асосида анъанавий тарзда ташкил этилмоқда. Унга кўра, дарсларни ҳар бир гуруҳ учун 3 кундан кўп бўлмаган вақтда амалга ошириш белгиланган.
Бугун, 12 октябрь кунидан эътиборан мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари сингари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳам 2020-2021 ўқув йили учун ўтказилган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра талабаликка тавсия этилганлар учун ўқув жараёни билан таништирув ҳафталиги бошланди.
Мазкур институтда таништирув дарслари махсус жадвал асосида анъанавий тарзда ташкил этилмоқда. Унга кўра, дарсларни ҳар бир гуруҳ учун 3 кундан кўп бўлмаган вақтда амалга ошириш белгиланган. Таништирув дарслари кунига 2 жуфтликдан, ҳар бир жуфтлик оралиғида 10 дақиқалик танаффус билан иккига бўлинган ҳолда ўтказилмоқда.

–Талабаларига институт тарихи, ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби, тўлов-контракт шартлари, ўтиладиган дарслар, профессор-ўқитувчилар тўғрисида умумий маълумотлар берилмоқда,–дейди институт ўқув ишлари бўйича проректори М.Жумамуратов.
– Шунингдек, талабаларга масофадан ўқитиш тизими ҳамда ундан фойдаланиш платформаси, масофадан ташкил этиладиган дарсларда иштирок этиш бўйича семинарлар ўтилиб, кўникмалар берилмоқда.

Профессор-ўқитувчилар «COVID-19» коронавирус текширувидан ўтказилиб, манфий натижага эга бўлганлар таништирув дарсларида талабаларга дарс ўтмоқда. Карантин қоидаларига асосан, аудиторияларни дарслар бошланмасдан олдин ва якунлангач дезинфекция қилиш, парталар ва ўриндиқларнинг юзасини махсус дезинфекция воситалари билан тозалаш ишлари йўлга қўйилган. Таништирув якунлангач масофадан ўқитиш орқали талабаларга ўқув режасида белгиланган фанлар бўйича онлайн дарслар бошланиши режалаштирилган.
Маълумот учун, бу йилги ўқув йилида Нукус давлат педагогика институтига умумий бакалавриатнинг кундузги таълим йўналишига 2125 нафар, сиртқи таълим йўналишига 1400 нафар ва кечки таълим йўналишига 100 нафар талаба қабул қилинди.