Ўқув биноси, спорт мажмуаси ва маданият маркази фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган ҳарбий қисмда қувончли воқеа бўлди.
Бу ерда қулай шарт-шароитларга эга ўқув биноси, спорт мажмуаси ва маданият маркази қурилиб фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, туман жамоатчилиги вакиллари иштирокида тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони полковник Ж.Ёқубов, Қоракўл тумани ҳокими Ҳ.Ғойиров ва бошқалар сўзга чиқди.
Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ш.Мирзиёев раҳнамолигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз тобора такомиллашиб, Ватанимиз сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қодир кучга айланди. Бунда унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ҳам муҳим омил бўлаётир. Тизимда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳарбий қисм инфратузилмасидаги ўзгаришларда ҳам намоёндир. Янги фойдаланишга топширилган объектлар ҳудудда кейинги йилларда қурилган хизмат уйлари, ётоқхона, ошхона ва бошқа иншоотлар билан уйғунлашиб, ўзига хос кичик ҳарбий шаҳарчанинг таркибий қисмига айланди.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар ижтимоий муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам эътироф этилди.
Маросимда ҳарбий йигитлар ўзларининг кўргазмали чиқишларини намойиш қилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг ўз вазифасини муваффақиятли бажаришида уларнинг соҳавий илмни чуқур эгаллаши, қурол-аслаҳа билан муомала санъатини пухта ўзлаштириши, тактик-техник тайёргарлиги муҳим аҳамиятга эга.
– Ўқув биномизда барча қулайликлар яратилган, – дейди сержант Алижон Қўчқоров. – Ундаги тактик махсус тайёргарлик, ўқ отиш машғулоти синфлари, ўқув, ҳарбий топография ва муҳандислик тайёргарлиги хоналари зарур жиҳозлар ҳамда воситалар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, хизматдошларимиз бўш вақтларида бу ердаги кутубхона ва электрон кутубхонада ҳарбий мавзудаги асарлар, ўзларини қизиқтирган бадиий, илмий-оммабоп китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишди.
Спорт ҳарбий хизматчилар жисмоний ва руҳий чиниқишининг асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бу ерда спорт мажмуаси барпо этилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мажмуада баскетбол, волейбол, кураш, қўл жанги билан шуғулланиш имконияти яратилган. Бу ерда тренажёр ҳам бор. Шунингдек, бу ерда минифутбол майдони ҳам ташкил этилган.
Ҳарбий қисм ҳудудида қад ростлаган маданият маркази ёшларнинг маънавий камолотига хизмат қилади. Унда ўрин олган маданий тадбирлар зали, турли тўгараклар Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус лойиҳаларига ҳамоҳанглиги билан ажралиб туради.
Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тизимида Қоракўл туманидаги ҳарбий қисм ўз нуфузига эга. У жанговар хизмат тайёргарлик натижалари билан ажралиб туради. Масалан, мазкур ҳарбий қисм қоровулхонаси Республика идоралараро комиссияси томонидан 2018-2019 йиллар якуни бўйича “Энг яхши қоровулхона” номинациясида ғолибликни қўлга киритган. Бу ерда яратилган янги қулайликлар эса ҳарбий қисм шахсий таркибининг янги ютуқларга эришишида қўл келиши, шубҳасиз.
Дарвоқе, маданият марказида хизмат вазифасини бажаришда ўрнак бўлган ҳарбийлар рағбатлантирилди. Тадбир якунида Қоракўл тумани маданият бўлими санъаткорлари ўз қўшиқ ва куйлари билан маросимга байрамона кайфият бағишлади.