French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшимча маблағларни топиш учун контракт тўловларини ошириш асосий мақсад қилиб қўйилмаган
13:06 / 2020-01-09

Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги фармонига кўра юртимиздаги бир қатор олий таълим муассасалари ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтмоқда. Улар орасида Тошкент фармацевтика институти ҳам бор.


Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги фармонига кўра юртимиздаги бир қатор олий таълим муассасалари ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтмоқда. Улар орасида Тошкент фармацевтика институти ҳам бор.

Мутахассислар бу тизим олий таълим муассасаларининг молиявий бошқарувини тубдан такомиллаштириш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда кўпроқ имкониятлар яратиш, олий таълимдаги ислоҳотлар самарадорлигини ва таълим сифатини янада оширишни назарда тутувчи муҳим омил эканини таъкидлашмоқда.

Аслида ҳам бу тизимга ўтиш институтнинг илмий педагогик салоҳияти, таълим хизматлари бозорида фармацевтика бакалавриат таълим йўналишларининг юксалишида қандай аҳамиятга эга? Бу ҳақида Тошкент фармацевтика институти ректори, профессор Иброҳим Олимжонов қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Энг аввало, институт маблағларни тақсимлашда мустақил бўлади, яъни ходимларни моддий жиҳатдан рағбатлантира олади ва бу ўз навбатида таълим сифатини оширишда қўл келади, – дейди И.Олимжонов. – Аммо таълим сифатини ўқитувчилар ойлик маошини ошириш билангина яхшилаш жуда қийин масала. Айни вақтда профессор ўқитувчилар халқаро стандартларга жавоб бериш учун инглиз тилини мукаммал билсагина илғор технологиялар, таълим тизими ресурслари билан яқиндан таниша олади. Шунинг учун маблағларнинг бир қисми хорижий малака ошириш, магистратура, докторантураларда таҳсил олишлари учун йўналтирилади.

Маблағларни мустақил равишда тақсимлаб, ўқитувчилар иш ҳақини оширсак, уларнинг “бировнинг қўлига қараш”га бўлган интилиши анча камаяди. Институтга молиявий мустақиллик бериш, турдош таълим муассасалари ўртасида рақобатни келтириб чиқаради. Бу эса таълим сифати яхшиланиши, янги йўналишлар очилиши, тадқиқотларни ривожлантириш каби ижобий ўзгаришларга олиб келади.

Албатта, ўзини-ўзи молиялаштириш корхоналар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро ҳамкорликка интилишни ҳам ошириши шубҳасиз.

Бу жараёнда иш берувчиларнинг талаб ва таклифлари асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашни кўпайтириш, самарасиз, кераксиз, иш жойлари йўқ йўналишларни мустақил равишда беркитиш ёки уларни квоталарини кескин камайтириш ҳам ўз қўлимизда бўлади. Энг муҳими, иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда ҳам эркин ҳаракат қила оламиз. Юқоридан топшириқ ёки розилик хати кутмай.

Соҳадан хабардорлар яхши билади, институт моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини харид қилиш учун ҳам анча маблағ керак. Энди кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар, китоблар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлай оламиз. Албатта, институт васийлик кенгаши назоратида.

Бизга берилаётган кўплаб имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда иш тартибини ҳам ўзгартирамиз. Мисол учун, профессор-ўқитувчилар ўртасида йиллик муддатли шартномалар тузиш амалиётини бошламоқчимиз. Ана шунда иш ўрнини сақлаб қолмоқчи бўлган ҳар бир педагог ўз устида тинмай ишлашга мажбур бўлади.

Ҳозирга қадар институт даромадларининг манбалари — тўлов-шартнома асосида ўқитиш, пуллик курслар, тадбиркорлик, ижара, хизмат кўрсатиш ва ҳомийлик каби шакллардан иборат эди. Энди эса биноларни ижарага бериш, таълим хизматлари учун тўлов, интеллектуал мулк ҳуқуқларини сотиш, халқаро лойиҳалар, мамлакатимизнинг грант танловларида иштирок этишини кенгайтириш орқали ҳам даромадларни оширишга эътибор қаратилади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, институт моддий-техник базасини такомиллаштириш, ўзини — ўзи бошқарув тизимида қўшимча маблағлар топиш контракт тўловларининг ортиши ҳисобига амалга оширилмайди.

Аксинча, биз энди қўшимча даромад олиш учун ҳудудда жойлашган ва жиҳозланаётган ўқув-илмий ишлаб чиқариш комплексида маҳаллий хомашёдан тайёрланган, сифатли ва арзон дори воситалари ва паракосметиквоситаларини ишлаб чиқариш орқали даромад олишни мўлжаллаяпмиз. Реконструкция қилинаётган ўқув-илмий-экспериментал лобораторияда ишлаб чиқарувчилар талабларига биноан таҳлиллар ўтказишда фаол иштирок этамиз.

Институт ҳудудида жойлашган, халқаро талабларга жавоб берувчи дорихона модули орқали экстемпорал, гален препаратларини ишлаб чиқиш ва мутахассисларимиз яратаётган бошқа дори воситаларини сотиш орқали ҳам даромад олишни йўлга қўйамиз.

Шу тариқа институт ўзини ўзи бошқариш тизимига ўтишга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Халқимиз учун таъкидлаб айтамизки, институт қўшимча маблағларни топиш учун контракт тўловларини оширишни асосий мақсад қилиб қўймаган.