Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшимча қиймат солиғи: янги тартиб самаралари
09:50 / 2020-10-29

Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартибининг қулайликларига бағишланган семинар ташкил этилди.


Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартибининг қулайликларига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда вилоятдаги фаол ҚҚС тўловчилари ҳамда бошқарманинг малакали мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда мутахассислар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тадбиркорлик субъектларига ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) шартлари ва тартиблари соддалаштирилганлиги бўйича тушунтиришлар берди.

Давлат солиқ идораларига ҚҚСни қоплаш ёки қайтариш бўйича солиқ тўловчи томонидан ариза келиб тушгач, аризалар 2 хил муддатда – ариза берилган кундан бошлаб 7 кундан ёки 60 кундан кечиктирмай кўриб чиқилмоқда. ҚҚСни қоплаш (қайтариш) бўйича жорий этилган янги тартиб тадбиркорларга қулай эканлиги иштирокчилар томонидан таъкидланди.

– ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш бўйича жорий этилган тартиб, биз тадбиркорлар учун айни муддао бўлмоқда, – дейди “Уз-Сеганг” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси молиявий менеджери Азизжон Маҳмудов. – Ўтган йили ҚҚСни қайтариш бўйича солиқ идораларига мурожаат қилганимизда, қатор камчиликлар туфайли аризамизни ижобий қаноатлантириш учун анча вақт талаб этилган эди. 

Энди эса янги тартибга кўра, аризаларни электрон равишда юборяпмиз, агар аризамизда бирор камчилик кузатиладиган бўлса, дарҳол давлат солиқ бошқармаси мутахассислари биз билан тўғридан тўғри алоқага чиқиб, тузатишлар киритилишига кўмаклашмоқда. Ўзимизнинг “Уз-Сеганг” қўшма корхонаси мисолида айтадиган бўлсам, сентябрь-октябрь ойларида ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш бўйича икки марта ариза юбордик. Дастлабкисида 2 кун ичида, кейингисида 6 кун ичида 1,2 миллиард сўм маблағ банк ҳисоб-рақамимизга қайтарилди. Албатта, ўз вақтида қайтган маблағлар бизнинг фаолиятимизга ижобий таъсир этади.

Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасига жорий йил 27 октябргача 177 та корхона томонидан умумий миқдори 134 миллиард сўмлик ҚҚС ўрнини қоплаш бўйича аризалар келиб тушди. Шундан 102 та хўжалик юритувчи субъектларнинг аризалари ижобий ҳал этилиб, уларнинг банк ҳисоб-варақларига 62,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағ қайтариб берилди. Айни пайтда 28 та ҳолат бўйича 29 миллиард сўм қийматдаги аризалар кўриб чиқилмоқда.