French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ҚҚС босма нашрлар иқтисодий аҳволини янада қийинлаштиради...
16:36 / 2020-01-29

Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги солиқ Кодекси кенг тарғиб этилмоқда. Тан олишимиз керак, ушбу Кодекс қабул қилиниши билан мамлакатимиз солиқ сиёсатида кўп ижобий ўзгаришлар юз берди.


Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги солиқ Кодекси кенг тарғиб этилмоқда. Тан олишимиз керак, ушбу Кодекс қабул қилиниши билан мамлакатимиз солиқ сиёсатида кўп ижобий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича янги тартибнинг жорий этилганлиги эҳтимол ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳақиқатдан ҳам енгилликлар берар. Бироқ, бу тартиб китоб, газета чоп этиш билан шуғулланувчи матбаа корхоналари, айниқса, босма нашрлар таҳририятлари иқтисодий имкониятларини янада қийинлаштиради.

Жорий йил апрель ойидан матбаа, нашриёт ва китоб савдоси хизматлари, шунингдек, босма нашрлар учун ҳам 15 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш тартиби жорий этилади. Аввалги солиқ қонунчилигига кўра, босма маҳсулотлар. ....босма маҳсулотлар жумласига миллий валюта (купюра), китоб маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларининг даврий босма нашрлари (реклама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомлари қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилган эди. Янги таҳрирдаги Солиқ Кодексида ушбу имтиёз бекор қилинган.

Энди газета ва китоблар нархида 15 фоиз ҚҚС ҳам ўтиради. Бу ўзи оқсаб келаётган китоб савдоси, йилдан йилга иқтисодий таназзулга юз тутаётган газеталар таҳририяти фаолиятини янада қийинлаштириши табиий.

Айни кунда босма нашрлар иқтисодий жиҳатдан жуда оғир даврни бошидан ўтказаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Нафақат туман, вилоят миқёсидаги, балки айрим республика нашрлари ҳам ёпилиш арафасида турибди. Биргина Андижон вилоятида ўтган йили ўзини ўзи қоплай олмаганлиги учун 5 та босма нашр ёпилди. Янги йилнинг биринчи ойи тугаяптики, қатор туман газеталари ҳали чоп этилгани йўқ. Бу ҳолат шубҳасиз, маънавиятга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатади.

Ҳозирда ҳафтасига 1 — 1,2 минг нусҳада чоп этилаётган газеталарнинг йиллик маблағ айланмаси нари борса 100-120 миллион сўмни ташкил этади. Ушбу маблағни аксарияти обунадан тушган тушум. Йил давомида Таҳририят қилинган обуна учун қўшимча нарх қўша олмайди. Бироқ, газетани обуначига албатта етказиб бериши керак. Демоқчи бўлганимиз жорий йилнинг обуна нархида ҚҚС ҳисобга олинмаган. Солиқчилар қўшилган қиймат солиғи нашриёт ва таҳририятлар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмайди, деб ишонтиришга уринмоқда. Зарар кўрмаслик учун газета нархини оширишни таклиф этади. Ўзи ҳозир сотилмаётган газеталарнинг нархи кўтариш ҳеч қандай фойда келтирмаслиги аниқ.

Нашриёт ва таҳририятларнинг молиявий аҳволи, имкониятлари бўлиши керак, солиқчилар тасаввуридагидек у қадар кенг эмас. Газета таҳририятлари қанча ҚҚС тўлайди? Ушбу саволга ҚҚС тўлаш бўйича жорий этилган тартиб асосида ўз тушунчамдан келиб чиқиб, мисоллар асосида жавоб беришга ҳаракат қилдим. Агар бир нусха газетанинг сотув нархини 2 минг 990 сўм, деб олсак. Демак, ушбу сумма ичида иш ҳақи, солиқлар, матбаа ва бошқа барча харажатлар ўтиради. Яна-да тушунарли бўлиши учун ҚҚС тўлаш тартибини А 3 форматда 4 саҳифа ҳажмда ҳафтада бир марта 1 минг нусхада чиқадиган газета мисолида жадвал тарзида берамиз.

А 3 форматда 4 саҳифа ҳажмда чоп этилаётган 1 нусха газета учун қанча миқдорда ҚҚС тўланади (сўмда, мисол тариқасида)

Снимок333.PNG

Энди 259,5 сўм суммани газета тиражига, яъни бир мингга кўпайтирсак, 259 минг 500 сўм бўлади. Ушбу суммани агар газета ҳафтада бир марта чиқса, яна 52 га кўпайтирамиз, 13 миллион 494 минг сўм келиб чиқади. Демак, тўрт саҳифа 1000 нусха тиражда газета чиқараётган ҳамда 2 минг 990 сўмдан сотаётган Таҳририят бир йилда шунча ҚҚС тўлашига тўғри келади. Айтиш мумкинки, тўланадиган ҚҚС миқдоридаги маблағ газетанинг камида ярим йиллик босмахона харажатини қоплаши мумкин.

Агар газеталарнинг тиражи камида 4-5 минг нусхада бўлганда эди Таҳририятлар қўшилган қиймат солиғини тўлашда ҳам, газетани чиқаришда ҳам эҳтимол, муаммога дуч келмас эди. Минг афсуски, бугун мамлакатимиздаги аксарият туман, шаҳар, тармоқ газеталарининг тиражи ўртача минг-икки минг нусхани ташкил этади.

Юқоридагиларни, қолаверса, ижтимоий-сиёсий газеталар давлатимиз сиёсатининг тарғиботчиси эканлигини, фуқаролик жамияти шаклланишидаги ўрни, роли ва иштирокини ҳисобга олиб, шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, матбаа корхоналарининг китоб чоп этиш харажатлари, ижтимоий-сиёсий газета таҳририятларини қўшимча қиймат солиғи тўлашдан озод этиш ёки бу борада қандайдир имтиёзларни шакллантириш масаласи кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.