Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси: Овчилик экотуризмни ривожлантирамиз
2021 йилдан доривор ўсимликлар ҳудудини 5 минг гектарга кўпайтириш, маҳсулот салмоғини 8 минг тоннагача кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Куни кеча, 4 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тизимда амалга оширилиши белгилаб берилган ишлар юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин БАКИРОВ қуйидагиларни маълум қилди.
"Дориворчилик соҳасини оладиган бўлсак, сўнгги икки йилда бундай ўсимликлар ҳудуди 2 минг гектардан 3 минг гектарга кенгайди. Лекин бу кўрсатгич талабга нисбатан камроқ. 2021 йилдан доривор ўсимликлар ҳудудини 5 минг гектарга кўпайтириш, маҳсулот салмоғини 8 минг тоннагача кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Бундан ташқари овчилик экотуризмни ривожлантириш бўйича ҳам топшириқлар берилди. 2020 йилдан бошлаб ўрмон фонд хўжалиги ерларини ижарага бериш бўйича ҳам Президент қарори қабул қилинган эди. Ҳозирги кунгача 20 минг гектар ерларни тадбиркорлар ва фуқароларга ижарага берганмиз. Бунинг натижасида ялпи даромадимиз ҳам кўпайиб бормоқда. 2020 йилдан 2030 йилгача бўлган даврда ялпи даромадни 1 триллион сўмга етказиш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилди. Малакали кадрлар етказиб бериш, илмни ишлаб чиқаришга боғлаш бўйича ҳам биз ишларимизни қайта кўриб чиқамиз. Мазкур режаларнинг амалга оширилиши негизида халқимизнинг фаровон ва соғлом турмушини таъминлаш, уларнинг экологик тоза маҳсулотга бўлган талабини қондириш мақсад қилинган."