Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўрқув – ожизлик эмас, кучли руҳий қудрат белгиси
17:19 / 2020-04-05

ЎзА “Тафаккурни ўзгартирган асар” лойиҳасини давом эттиради

ЎзА “Тафаккурни ўзгартирган асар” рукни остида жаҳонга машҳур бадиий, илмий-оммабоп, психологик, тарихий ва фалсафий асарлар таҳлилини бериб бормоқда. Мақсадимиз – китобхонликка ҳисса қўшиш. Колумнист Севара Алижонова.

Бугун Хеннинг Кёлернинг “Қўрқув жумбоғи”психологик, илмий-оммабоп асари таҳлили билан танишасиз. Унутманг, китоб қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб қолади.

Инсон беками-кўст, хавфсиз муҳитда бундан оғирроқ шароитга нисбатан кўпроқ қўрқув билан “ҳимояланган”: турли фобиялар (баъзи нарсалар, мавжудот ва вазиятлар билан боғлиқ қўрқув, масалан, ҳайвонлар, кенг ёки тор хоналардан, баландлик ёки чуқурлик, қоронғилик ёки ёлғизликдан қўрқиш, болаларда эса мактаб қўрқуви), яширин қўрқувлар (ҳокимият, куч, тан олиниш, моддий фаровонлик, гиёҳвандлик, алкоголизм, шафқатсиз зўравонлик билан боғлиқ қўрқувлар), ижтимоий қўрқув (ҳаётдан, мустақилликдан, курашишдан қўрқиш, ўзини назорат қила олмаслик қўрқуви) ҳар биримизда у ёки бу кўринишда мавжуд. Буларнинг барчаси нимага олиб келади?

Қўрқув инсоннинг асосий ҳиссиёти сифатида хавфдан огоҳлантиради. Бу вақтда организмимизда кўплаб кимёвий жараёнлар содир бўлади. Танамиз ҳолатга реакция билдиради, адреналин ишлаб чиқаради ва организм фаол ҳаракатга киришади. Қўрқув бизга фаол ҳаракатланиш учун зарурий омилдир. Ўйлаб кўринг, қўрқув таъсирида омон қолишга интиламиз, бақириб юборамиз ёки қочамиз... Қўрқувга ҳар ким ўз табиатидан келиб чиқиб муносабат билдиради ва бу хатти-ҳаракатларида намоён бўлади.

Шу нуқтаи назардан қўрқув ҳисси психологияда алоҳида соҳа сифатида ўрганилади. Унинг инсонга, илм-фан ва турли кашфиётларга таъсири, ижобий ва салбий хусусиятлари кўплаб олимлар томонидан йиллар мобайнида ўрганилган, жумладан, Ошонинг “Қўрқув”, Фрейд Зигмунднинг “Жазава ва қўрқув”, фантаст ёзувчилар Дин Кунцнинг “Қўрқувнинг юзи”, Вадим Пановнинг “Қўрқув ифори” каби асарларида у инсон камолоти учун муҳим омил эканлиги таъкидланади. Немис олими, амалиётчи терапевт, узоқ йиллар болалар ва ўсмирлар психологиясидаги муаммолар бўйича тадқиқот олиб борган Хеннинг Кёлернинг “Қўрқув жумбоғи” асари эса алоҳида аҳамиятга эга.

Психологиядан хабари бўлмаган инсон учун қўрқув ожизлик сифатида баҳоланади. Хеннинг Кёлернинг ютуғи эса ожизлик, яъни қўрқувдан қандай қилиб куч сифатида фойдаланиш лозимлигини ҳаммага тушунарли тилда ёритганидир. Унинг “Қўрқув жумбоғи” асари уч қисмдан иборат бўлиб, асарда қўрқув шунчалар ёмонми, қўрққанда кўнгилдан нималар кечади, руҳий азоблардан қутулиш шартми каби қатор саволлар кўндаланг қўйилган, қўрқувнинг моҳияти ва ваҳимаси, унинг сабаб ва оқибатлари ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилган.

Хеннинг Кёлернинг фикрича, Худо инсонни яратгани ҳамоноқ уни кучли руҳий қудрат билан сийлаган. Бу – қўрқув. Ундан қутулиш ҳозирги ҳолатимизнинг бора-бора ёмонлашишига олиб келади. Яъни, сиқиб чиқарилаётган қўрқув ўрни бўшаб қолади, бу бўшлиқ йиғилиб-йиғилиб бораётганга ўхшайди ва қайсидир лаҳза¬да портлайди-ю, куч билан ташқарига отилади, бундай вазиятда инсоннинг ҳамма ички ва ташқи ҳимояланиш хусусиятлари издан чиқади.

Кўпинча қўрқувнинг ҳал этилмаган муаммоси чуқурлашади ёки сурункали бўла¬ди. Сўнг қўрқув ҳаммадан устун бўлишдек кучли истак, бошқаларга таъсир кўрсатиш, атрофдагиларга ҳукмини ўтказиш хоҳиши, моддий фаровонлик, кучли томонни қабул қилиш майлларига ўтиш, калондимоғлик, етакчи ролига даъво қилиш ёки қўрқувдан онгли тарзда қутулолмаган ёки қутулишни истамаганлардан нафратла¬ниш остида ниқобланади.

Хўш, унинг кучи нимада? Қўрқув инсон ўзини текшириб кўришига ундайди, ўзини ўзи синаш эса муҳим дақиқаларда диққатни жалб қилади; ниҳоят у бизда жамланишни уйғотади, фикрни бир ерга тўплайди, агар шундай бўлса, бу келгусида бирон ишнинг уддасидан чиқишга ёрдам беради.

Қўрқувни қанчалар билишимиздан келиб чиқиб, биз ўз олдимизга қўйган мақсадларни бошқариладиган ортиқча куч билан бажаришга ўтамиз, улар албатта фойда келтиради. Фақат шуни ёддан чиқармаслик керак – иккинчи даражали бўлиб кўринган яхлитлаш жараёни ҳам мавжудки, фикрлар жамлангач яхлитланади, натижада йўқотилмаган, таъсир қилган ва ўзгартирилган қўрқув ўз эгасининг самимий, эҳтиёткор, нозик дидли, таъбли бўлишига ёрдам беради!

Қўрқувни қабул қилиб ва уни назорат этиб, биз иккиёқлама устунликка эга бўламиз: биринчидан, қарама-қарши томонлар қувват оқими кучаяди, иккинчидан, қўрқувнинг ўзидан ҳушёрлик, сезгирлик, фаҳмлилик, зийраклик, барқарорлик, ғамхўрлик, меҳри¬бонлик каби юксак хислатлар “униб” чиқади. Бу энди “озод этилган” қўрқув дейилади.

Қўрқувда уйғотувчи, қўзғатувчи сифат бор, қўрқувдан четлашиш, бош тортиш ёки қўрқув билан тўқнашиш бир жойда ҳаракатсиз туриб қолишга олиб келади. Қўрқувнинг ўзагига назар солсак, у лотинчада angustiae – танглик, зичлик маъноларини билдиради. Бу нима – қарама-қаршилик, зиддиятми? Ёки гап қўрқувнинг турли шакллари ёки градациялари (бир босқич ёки ҳолатдан иккинчи босқич ёки ҳолатга ўтишдаги изчиллик) ҳақида кетяптими? Унинг салбий оқибатлари “мен”нинг бир томондан кучли қайғуга тушишига, яна бир томондан деперсонализацияга, яъни ўзининг мавжуд эканини ҳис этмасликка олиб келади. Қўрқувга Карл Кёнигнинг “Руҳиятнинг бўшашиши” (эриш тенденцияси) ибораси ва Хессенбрухнинг “исканжага олмоқ” ифодаси ҳаққоний равишда бир хил мувофиқ келади.

Бу ҳис бутун вужудимизни исканжага олиб турган бўлса, ундан қандай “ёруғлик” топамиз? Қачон ўз ҳисларимиз, жумладан, қўрқув устидан ҳукмрон бўламиз? Қачонки, уни жиловлай олсак.

Асардан англашиладиган маъно битта – қўрқувда ҳеч қандай “ёмон нарсалар йўқ”. Қўрқув фақатгина ўзига хос руҳий, табиий жараён, ё ёрдам беради ёки яшашга халақит қилади. Буниси энди бизнинг қўрқувга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Михаэла Глёклер “Бизнинг бутун ҳаётимиз моҳиятан қўрқувдан озод бўлиш жараёни” деганда ҳақ эди.

Хеннинг Кёлернинг таъкидлашича, ҳозир кенг тарқалган ҳаёт олдидаги қўрқув фақатгина дунё воқеа-ҳодисалари кишиларга қаттиқ таъсир қилаётганининг (буни хоҳлайдиларми ёки йўқ)якуний натижаси эмас. Одамлар ўз олдига қўйган вазифалардан яна ва яна чалғиб қолмоқда, ўзларини ухлатиш, ёлғон тўрига ўралашиш, ўз-ўзини алдаш, хаёлий хавфсизлик ҳамда назарида катта, улкан, чегарасиз кўринган майда икир-чикирлар билан овора бўлиб қолмоқда. Шу сабаб ҳаёт олдидаги қўрқув билан “касалланиш” тобора авж олмоқда. Бизнинг бугунги онгимиз учун типик бўлган глобал муаммоларга ҳамда хавф солаётган офатларга “бошқа кузатувчининг назари” билан қанча узоқ қарасак (бировларнинг дардига қайишмас¬лик, бепарволик, эътиборсизлик хусусияти таъсирланиш билан ғайриоддий тарзда кескинлашадики, оқибатда биз инсонлар бир-биримизнинг ҳаётимизни янада мураккаблаштирамиз), айнан шу нарсалар бизга кучлироқ ҳужум қилади ва бошқача айтганда, бизнинг онгимизни қўрқитади!

Мазкур асар бугунги дунё аҳлини қуршаб олган COVID-19 пандемияси қўрқуви ва қўрқув ваҳимасини енгишда асқатиши табиий. Зеро, муаллиф одамларнинг глобал миқёсдаги хавфларга нисбатан кузатувчи позициясида туриши, бепарволиги, бировга ҳамдард бўлмаслиги оқибатида у янада авж олиши, қўрқувни кучайтириши алалоқибат ҳаётни издан чиқариши муқаррар эканини таъкидлайди.

Иқтибослар:

Агар ҳар қандай мағлубият ва омадсизликлардан қочмоқчи, қийинчиликлардан, азоблардан қутулмоқчи бўлсак, қаерга бормайлик, нима қилмайлик қўрқув барибир бизга етиб олади. Ана ўшанда ҳаётимиз қўрқув олдидаги қўрқинчли ҳаёт бўлиб қолади! Аниқроғи, ҳаётимиз қўрқувни чақирадиган кучли, қудратли вазиятлар олдидаги қўрқувдан иборат бўлади. Агар қўрқувни қабул қилсак, ундан фойдаланишга ҳаракат қилсак, у нафақат журъат ва мардонаворлик, дадилликни беради, балки фойдали ҳамроҳимизга ҳам айланади.

*

Қўрқув ўз моҳиятига кўра – ҳаддан ортиқ даражадаги бедорлик ва ҳаддан ортиқ даражада таъсирланиш, қўзғалиш ҳолати эканлигини билдиради.

*

Ҳеч ким ўз ҳаётидан шубҳа-гумонларни, ёлғизликни, уятни бутунлай йўқотишга қодир эмас. Ҳаётий гумонларда болаликда орттирилган жисмоний заифлик ва нозиклик тажрибаси пайдо бўлади; ёлғизлик болалик даври ўрталарида тўқнаш келадиганимиз кўнгил нозиклиги ҳамда гап кўтаролмасликка ишора қилади; ўсмирликдаги уятчанлик, тортинчоқлик атрофдаги оламда ва ўзида ёлғоннинг мавжудлигини билиб қолиш билан боғлиқ, ана шу кечинмалардан руҳий ожизлик, заифлик келиб чиқади. Қўрқувнинг ҳар қандай жиддий ҳамласида шубҳа-гумон, ёлғизлик ва уятчанлик бирлашади. Бу каби вазиятларда муқим туришга ва шубҳаларни танқидий мулоҳазаларга, ёлғизликни эса ўзига ишончга ўзгартириш инсон ривожланишида муваффақиятга эриштирувчи мустаҳкам таянчлардир.