Қозоғистонда якуний имтиҳонлар бекор қилинди
Бу ҳақда ушбу давлат таълим вазири ўринбосари Шолпан Каринова маълум қилди, деб ёзади "Tengrinews" манбаси.
Унинг айтишича, жорий йилда коронавирус пандемияси билан пайдо бўлган мураккаб вазият туфайли мактабларда битирув кечалари ва сўнгги қўнғироқ тадбирлари ўтказилмаслигининг эҳтимоли катта.
Ўз навбатида вазир ўринбосари айни пайтда мамлакат мактабларининг аксарият қисмида дарслар масофадан ўтказилаётганини қўшимча қилган. Дарслар таълим телеканаллари, шунингдек, онлайн тарзида ташкил этиляпти.
“9-11-синфлар учун якуний ва давлат имтиҳонлари бўлмайди. Жорий йилда улар бекор қилинди“ дейди у.
Ш.Каринова битирувчиларга чораклик ва умумий йиллик баҳолар асосида ўрта таълим ва умумий ўрта таълим ҳақида аттестат берилишини ҳам маълум қилган.