English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қорақарға” довони Нурота туманининг кенг дарвозасига айланди
12:59 / 2019-08-28

Бунёдкорлик халқимизга хос одат. Бугун Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби йўлсозлик борасида ҳам кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.


Бунёдкорлик халқимизга хос одат. Бугун Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби йўлсозлик борасида ҳам кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Зеро, йўл қурилиши транспорт коммуникациясини ривожлантириш, мамлакатнинг иқтисодий имкониятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Аслида азалдан халқимизда йўллар барпо этиш энг эзгу ҳамда савобли ишлардан саналиб, у элларни элларга, миллатларни миллатларга боғлаб келган.

Навоий вилоятида ҳам халқаро аҳамиятга молик, маҳаллий ва ички йўлларни сифатли таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятига ташрифи давомида йўлсозлик соҳасини ривожлантириш борасида ҳам зарур кўрсатмалар берган эди.

– Президентимиз томонидан берилган топшириқ асосида вилоятда иккита йўналишдаги транспорт коммуникация тармоғида йирик реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Эркин Камолов. – Улардан бири қўшни Бухоро вилояти билан боғловчи республика аҳамиятига эга умумфойдаланишдаги автомобиль йўли бўлса, иккинчи йирик лойиҳа инвестиция дастурига кўра умумий фойдаланишдаги “Қизилқум ҳалқа” автомобиль йўлининг 22-32 километр оралиғида амалга оширилди. Тендер шартларига кўра, мазкур йўлни қайта қуриб, 2020 йилда ишга тушириш белгиланган бўлса-да, давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида берган топшириғига асосан Нурота тумани аҳолисига ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида мустақиллик байрами арафасида ишга туширилмоқда.

Дарҳақиқат, вилоятда 2013 йилда йўлсозлик борасидаги йирик лойиҳалардан бири бўлган “Навоий-Нурота” йўналишидаги “Қизилқум халқа йўли” тубдан реконструкция қилинган эди. “Қорақарға” довони бўйлаб олиб борилган таъмирлаш ишлари учун 3 миллиард 355 миллион сўм маблағ ажратилиб, ушбу йўлда тоғли ҳудуднинг иқлим ва имкониятлари алоҳида ҳисобга олинди. Қарийб 7 километрлик масофада дўнглик ва нишаблик даражаси илгаригига нисбатан анча пасайтирилди. Йўлнинг 1 минг 383 метрлик қисми четига бетон ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган.

Довон йўлининг реконструкцияси ўтган йилнинг июнь ойида бошланган бўлиб, йўлнинг эни 9 метрдан 15 метрга қадар кенгайтирилган ҳолда, ўткир бурилишлар бартараф этилди. Бир дона кўприк қурилиб, 14 нуқтада сой сувларини ўтказиш йўл ости қувурлари ётқизилди ва довоннинг энг баланд нуқтаси, яъни “Қорақарға” довони чўққиси 26,5 метрга пасайтирилди. Уч қатламда, жами 27 сантиметр қалинликда асфальт ётқизилди.

– Реконструкция ишлари 22 соатлик иш куни режимида ташкил этилди, – дейди корхонанинг 3-иш юритиш бўлими иш юритувчиси Отабек Қутлиев. – 600 минг тонналик тупроқ ишлари бажарилди.

– Эсимизни танибмизки, асосан шу йўл орқали турли манзилларга қатнаймиз, – дейди ғозғонлик сангтарош уста Тоҳир Раҳимов. – Йўлчиларимизга раҳмат, “Қорақарға” довони бўйлаб амалга оширилган ишларда тиним билмай меҳнат қилишди. Натижада, довон кескин пасайиб, Нурота йўли янада ривожланди. Илгари, айниқса қишда “Қорақарға”дан ўтиш азоб эди. Кўпинча ноқулай об-ҳаво шароитида довонни қор босиб, йўл ёпилиб қоларди. Ана энди бундай муаммонинг олди олинди. Энг муҳими, манзилимизга хавфсиз бориб қайтамиз.

photo5417914606556392302.jpg

photo5418361321809882027.jpg