Қўқонда сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди
Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан Қўқон шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, шу жумладан, сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши борасидаги ишлар назорат тартибида ўрганилган.
Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан Қўқон шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, шу жумладан, сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши борасидаги ишлар назорат тартибида ўрганилган.
Тадбирлар давомида “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Қўқон шаҳарларида ичимлик ва оқова сув тармоғи тортиш юзасидан 16 та объектда 9 та хусусий корхона билан шартномалар тузилиб, тўловга тақдим қилинган далолатномаларга аслида бажарилмаган 516 миллион 233 минг сўмлик иш ҳажми қўшиб ёзилганлиги аниқланган.
Мазкур холат юзасидан “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК вилоят ҳудудий бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан 12.10.2020 йилда Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ўтказилмоқда.
Шунингдек, Қўқон шаҳар “Тўхлимерган”, “Аччиқкўл”, “Ғиштли масжид” маҳалла фуқаролар йиғинларида аслида бажарилмаган канализация ва сув тармоғи тортиш ишларига оз миқдордаги қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 61-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди.