Қўлбола иситиш мосламалари сотувига ким айбдор?
Кунлар совуқ бўлгани сари аҳолининг маиший муаммоларидан бири – уйни иситиш бўлади. Тўғри, шаҳар жойларда бу унча билинмаслиги мумкин.
Кунлар совуқ бўлгани сари аҳолининг маиший муаммоларидан бири – уйни иситиш бўлади. Тўғри, шаҳар жойларда бу унча билинмаслиги мумкин.
Ҳаво ҳароратининг совиши билан фуқаролар томонидан иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёж ортиб боради. Шу боисдан, кузги-қишки мавсумга тайёргарлик, иситиш мосламаларининг созлиги ва яроқлилигини кўрикдан ўтказиш билан бошланиши тавсия этилади.
Лекин айрим ҳолатларда иситиш мосламаларидан фойдаланишда йўл қўйилган кичкина хатонинг оқибати эса катта кўнгилсизликларга олиб келиши, афсуски, ҳақиқат.
Ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши – буларнинг бари кўпинча оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик туфайли юз беради.
Бундай вазиятларнинг асосий сабаби — “зангори олов” ҳисобланган газнинг мамлакатимизнинг барча жойларида тенг тақсимланмаганидир.
Шуни афсус билан айтишимиз керакки, қиш келиши билан бахтсиз ҳодиса қурбонлари сони ҳам кўпаяди. Негаки, газ йўқлиги учун аҳолимиз арзон ва сифатсиз қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиб, уйини иситиши бор гап.
Газни барча жойларга келаси кузги-қишки мавсумгача тенг тақсимлаш бўйича тегишли ташкилотлардан ваъдалар олган бўлсак-да, аммо қулоғимизга "лағмон" осаётгани чин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ёнғинларнинг 68,9 фоизи аҳоли яшаш жойларига тўғри келган.
Сабаблари қуйидагича: оловдан фойдаланишда эҳтиётсизликдан — 38,7%, носоз электр ускуналаридан фойдаланишдан — 30,3%, иситиш печларининг носозлигидан — 11,4%, болаларнинг олов билан ўйнаши оқибатидан — 9,6% ташкил этади.
Табиийки, бир савол туғилади, сифатсиз, қўлбола иситиш мосламаларининг бозорларимизда сотилишига ким жавобгар?
С. А, 55 ёш, Самарқанд: – Уйимизда неча йиллардан бери газ йўқлиги учун иложсиз қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиб, бир амаллаб қишни ўтказамиз. Аммо ўтган йили бозордан олган қўлбола электр иситиш мосламаси туфайли уйимизда ёнғин содир бўлди. Катта ҳовлининг ярмидан кўпи ёниб кетди. Саховатли инсонлар кўмагида уйимизни таъмирладик. Аммо ёнғин бўлган уйда, ёнғин ҳиди кетмас экан. Худога шукр ҳеч ким шикаст олмади. Лекин биргина сифатсиз мослама туфайли уйсиз қолдик ҳисоб.
К.Т, Қорақалпоғистон Республикаси: – Ўтган йили уйни кўмир билан иситадиган печка олганмиз. Ўзи пулимиз камроқ ва оилавий шароитимиз оғир бўлгани сабабли арзонроғидан олгандик. Минг афсуски, ўтган йили неварам билан келиним ис газидан вафот этишди. Газ беришини сўраб, газ таъминотидагиларга жуда кўп бор мурожаат қилганмиз. Газ йўқ, иситиш мосламаларининг сифатлисини топиш қийин, қишда электр энергиясига ҳам ишонч йўқ, тез ўчиб қолади. Шу сабабли электр иситиш мосламасини олганимиз билан ишлата олмаймиз. Бу йили бор пулимизни ғамлаб, печка олдик. Қишлоқ шароитида печкадан бошқаси тўғри келмайди. Ўтин билан кўмир ёқамиз. Яхши томони унда овқат қилса ҳам бўлади.
Давлат стандарти талабларига жавоб бермайдиган электр жиҳозларидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган ёнғинларни қуйидагича изоҳлаш мумкин: ушбу жиҳозлар электр энергияси тизимида ортиқча кучланиш ҳосил қилиб, электр сим ва кабелларни қизишга олиб келади ва ҳимоя қобиғини алангаланишига омил яратади.
Электр тизимида содир бўлаётган ёнғинларнинг яна бири, қисқа туташувдир. Қисқа туташув ортиқча кучланишнинг бир тури бўлиб, у электр тизимида ток кучини шиддатли ўсиши ва алангаланишнинг тезлиги билан изоҳланади.
Агар қисқа туташув жойида ёнувчан материал ва қурилмалар мавжуд бўлса, уларнинг алангаланиш жараёни юқори бўлади. Мана шу сабабдан электр симларнинг ҳимоя қобиқларининг созлигини назорат қилиш талаб этилади.
Газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш борасида барча инсон ҳам етарлича билимларга, тушунча ва маълумотларга эга эмас. Бунинг оқибатида эса газ чақнаши, газ жиҳозлари ва маиший газ баллонларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўплаб бахтсиз ҳодисалар юз бермоқда.
Бир эътибор беринг: 2019 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимиз ҳудудида маиший газ баллонлари ва табиий газдан нотўғри фойдаланиш билан боғлиқ 21 та бахтсиз ҳодиса юз берган. Бунинг оқибат
ида 25 нафар инсон газдан заҳарланиб, яна шунчаси турли даражада жароҳатлар олган бўлса, 30 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишнинг афсуски имкони бўлмади.
21 асрда ёнғинларнинг 11,4 % печкаларнинг носозлиги ёки нотўғри ишлатилиши оқибатида содир бўлиши кишини ажаблантиради.
Ҳар қандай печнинг тузилиши муайян бир қоидаларга мос бўлиши лозим.
– Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – ижтимоий соҳа объектлари, йирик корхона ва ташкилотлар ва уларнинг ётоқхоналарида ёнғин ўчириш амалий-тактик машқларини мунтазам ташкил этиб келмоқда.
Умуман айтганда хавфсизликни сақлаш нафақат моддий томонлама, балки инсон саломатлигини сақлаш, бевақт инсонларнинг кўз юмушини олдини олади. Қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, – дейди ФФВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бўлинмаси бошлиғи, майор Шокиров Дониёр.
Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси