Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: Коронавирусга қарши курашишда зарур воситаларни талон-торож қилганларга нисбатан 10 жиноят иши қўзғатилди
15:28 / 2020-07-24

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлардан 509 миллион сўмлик товар моддий бойликларни мақсадсиз сарфлаб юборган.


Бош прокуратура томонидан Алоқа ва оммавий коммуникациялар агентлиги штабида брифинг ташкил этилди.

Брифингда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов пандемия шароитида прокуратура органлари амалга ошираётган ишлар бўйича маълумот берди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, даволаш, дори-дармон ва тиббий жиҳоз ҳамда бошқалар учун ажратилган маблағларни сарфланиши борасида прокурор назорати тадбирлари ўтказилмоқда.

Афсуски, айнан шу йўналишда масъуллар жиноятга қўл уриш ҳолатларига йўл қўймоқда. Кейинги вақтда бу борада ўнта жиноят иши қўзғатилди.

Масалан, Бухоро вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари 395 миллион сўмлик 15 тонна гипохлорид кальций дезинфекция воситасини 600 миллион сўмга сотиб олиб, 205 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор ва моддий жавобгар шахслари эса Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлардан 509 миллион сўмлик товар моддий бойликларни мақсадсиз сарфлаб юборган.

Тергов давомида марказ бош врачи ва омбор мудирига Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бу борада прокуратура органлари томонидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларга қонунда белгиланган қатъий чоралар кўриш давом эттирилади.