Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Қассоб амир» ёхуд Самарқандга улкан Қуръон туҳфа этган ҳукмдорни биласизми?
08:00 / 2020-06-14

Самарқанд ўзининг нафақат бой тарихи, қадим осори-атиқалари, балки ушбу афсонавий шаҳарда сақланган ноёб муқаддас манбалар билан ҳам машҳур. Самарқандга туҳфа этилган улкан Қуръон ана шундай дурдоналардан бири.


Самарқанд ўзининг нафақат бой тарихи, қадим осори-атиқалари, балки ушбу афсонавий шаҳарда сақланган ноёб муқаддас манбалар билан ҳам машҳур. Самарқандга туҳфа этилган улкан Қуръон ана шундай дурдоналардан бири.

Бундан 137 йил олдин Боқчасаройда Исмоил Гаспирали муҳаррирлигида чоп этила бошланган «Таржимон» газетасининг 1883 йил 2 августдаги 12-сонида ушбу улкан Қуръон ҳақида қизиқарли мақола чоп этилган. Унда «Туркестанские ведомости» газетасига таяниб Самарқанддаги Шоҳи Зинда масжидида ниҳоятда қадимий ва улкан Қуръон мавжудлиги ҳақида ёзилган.

Ушбу катта ҳажмли Қуръон Бухоро амири Насрулло топшириғи билан мулла Ҳусайн томонидан кўчирилган. Шуни қайд этиш жоизки, турли адабиётларда «Қассоб амир» деб қораланган ушбу шахс ўз ҳукмронлиги даври (1827–1860 йиллар)да ислом шариати кўрсатмаларига қатъий амал қилган.

«Таржимон»даги тавсифда келтирилишича, Самарқандда сақланган ушбу муқаддас китобнинг муқоваси теридан ишланган бўлиб, усти мато билан қопланган. Улканлиги боис икки киши томонидан очилган. Уни ўқиш мақсадида айнан ушбу китоб учун махсус тайёрланган лавҳга қўйилган.

Улкан Қуръон маҳаллий қоғозга ёзилиб, ўртаси елимланган ва ўттиз варақдан иборат бўлган. Қуръон варақларининг узунлиги 2 аршину 4 вершок, эни 1 аршину 6 вершокни ташкил этади. Аршиннинг ўртача қиймати кўп манбаларда 71,12 сантиметр, вершокники эса 4,445 сантиметр деб олинади. Демак, улкан Қуръоннинг бўйи тахминан 160 сантиметр, эни эса тахминан 98 сантиметр узунликда бўлган.

Қуръон матни ҳар томондан учта рангли чизиқ билан ҳошияланган. Ҳошияларнинг узунлиги – бўйига 1 аршину 14 вершок, энига 1 аршину 2 вершок. Қаторлар орасидаги масофа 1 вершок бўлиб, ораси бундан кичикроқ бўлган қаторлар ҳам бор. Қуръоннинг ҳар бир саҳифасига Амир Насруллонинг муҳри босилган.

Мазкур ноёб Қуръон ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори Константин Петрович фон Кауфман топшириғига биноан 1871–1872 йилларда тайёрланган «Туркистон альбоми»да ҳам мавжуд. Альбом 1262 та фотосуратлар ва бўялган расмлардан тузилган. «Туркистон альбоми» етти нусхада тайёрланган.

Альбомнинг археологияга бағишланган қисмида бошқа суратлар қатори Қусам ибн Аббос (Шоҳи Зинда) мемориал мажмуасидаги масжиднинг ички қисми фотосурати ҳам келтирилган. Фотосуратда Қуръон учун мўлжалланган ёғоч лавҳ олдидаги мусулмон киши акс этган. Лавҳга эса ушбу улкан Қуръон қўйилган. Альбомдаги ёзувларда ҳам ушбу муқаддас китобнинг Бухоро амири Насрулло томонидан ҳадя қилингани ёзилган.

Шу ўринда бир жиҳатга аҳамият қаратиш лозим. Ўз вақтида Соҳибқирон Амир Темурнинг шарофати билан «Усмон Қуръони» ҳам анча асрлар давомида Самарқандда сақланган эди. Бухоро амири Насрулло ҳам ушбу улкан Қуръонни Самарқандга бежиз туҳфа этмаган. Мазкур улкан Қуръон билан боғлиқ муфассал тарихни ўрганиш ва уни кенг омма эътиборига ҳавола этиш соҳа мутахассислари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ