“Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” танлови навоийликларнинг китобхонлик байрамига айланмоқда
Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ҳар ҳафтанинг шанба куни ўтказиб келинмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида залворли натижаларга эришилаётганини бугун барчамиз кўриб гувоҳ бўлиб турибмиз. Аслида ҳам китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарайди, турли усуллар билан тарқалаётган ҳар хил уйдирма ва ёлғонлардан иборат хабарларга ишонмайди. Аксинча ўзининг шахсий фикри билан холис ва адолатли жавоб қайтаради.
Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ҳар ҳафтанинг шанба куни ўтказиб келинмоқда.
Бошқа ҳудудларда кузатилмаган ушбу танловда вилоятдаги 50 та бошқарма, корхона ва ташкилот ходимларининг 5 нафардан иборат 50 та жамоаси иштирок этмоқда. Жорий йилнинг 28 декабригача давом этадиган ушбу тадбирда иштирокчилар мумтоз адабиётимиз дурдоналари ва хориж адиблари қаламига мансуб 37 та сара асарлари асосида беллашади.
Очиғи, танлов бошланганидан буён ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этиб келаётганимиз сабаб бизда таққослаш имконияти бор. Бошида иштирокчиларнинг танловга қўйилган китоб, телефон ва бошқа “шпаргалка”лардан фойдаланишини олдини олиш учун турли усуллардан фойдаландик. Бугунга келиб эса биз эмас, иштирокчи жамоаларнинг ўзлари бир-бирини назорат қилмоқда. Қайсики жамоа ноҳақлик қилаётган бўлса дарҳол олдини олиш учун талаб билан чиқмоқда. Ана шу соғлом рақобат жамоаларнинг янада теран нигоҳ билан китоб ўқиш ва уқишга чорлаяпти.
Ҳа, китобдан қимматли дўст йўқ. У туфайли инсон тафаккурида эзгу ғоялар ривож топади, комиллик ва яхшиликка интилади.
– Очиғи, иш, оиладаги ташвишлар билан бўлиб, китоб ўқишдан чиқиб кетган эканмиз, – дейди танлов иштирокчиси, вилоят молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фаррух Мамиров. – Мени уйда китобларни тинимсиз ўқиётганимни кўриб, оилам, фарзандларимда ҳам қизиқиш уйғонди.
Қуш уясида кўрганини қилади, деганлари рост экан. Китобни, аввало, ота-она ўқиса фарзандлар ҳам шунга эргашар экан. Йил охиригача давом этадиган танловда иштирок этиб, танланган сара асарларни ўқиймиз. Шу баҳона оилавий кутубхонамиз яна 37 та адабиёт билан бойийди.
Дарвоқе, танловда бир нарсага кўпчилик амин бўлди. Китоб ўқиш ёки уқиш учун киши олий маълумотли бўлиши ёки қайсидир юқори ташкилотда ишлаши шарт эмас экан. Оддий соҳа ходимлари ҳам ўзларининг билим ва топқирлиги билан берилган саволларга жавоб топмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб, 10 та туман ва шаҳарда ушбу танловни юқори савияда ўтказилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда 100 га яқин жамоа иштирок этаётган танлов ҳар ҳафтанинг шанба бўлиб ўтаётир. 5000 нафарга яқин корхона ва ташкилотлар ходимлари иштирок этаётган танловларда одамларнинг бадиий адабиётга, ўқиш ва ўрганишга бўлган иштиёқи баландлигини кўриш мумкин.
Аслини олганда ҳам “китоб”, “китобхонлик”, “кутубхона” сўзларининг ўзаги бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.
Китоб – туганмас хазина, ундан олинган билимларни инсон умрининг охиригача ҳам сарфлай олмайди. Ҳар бир киши учун ундан яқин ҳамроҳ, дўст ва маслаҳатчи йўқ. Шунинг учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлайди.
Атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов дунёдаги етти мўъжизага таъриф бериб “...етти мўъжиза инсон ақлининг, тафаккурининг, қалбининг оташин мадҳияси, инсон даҳосининг улуғлигига қўйилган мангу обида бўлиб келмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, оламда яна бир мўъжиза борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди. Бу мўъжиза – китоб. Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза эканлигини кўпгина буюк одамлар қайд қилган” деб ёзган эди.
Дарҳақиқат, бугун “Ўргимчак тўри” дея ном қозонган интернет эмас, инсониятни, хусусан, ёшларни китобхонликка жалб қилиш орқалигина юксак маънавиятга эришиш, комил инсонни тарбиялаш мумкинлигини бутун дунё халқлари тўла англаб етмоқда.
Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар айниқса таҳсинга сазовор. Хусусан, Муҳтарам Президентимиз китобхонлик раҳбарлигида беш муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши доирасида ахборот-кутубхоналар фаолияти такомиллаштирилди, янгидан-янги китоб савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилди. Хўш, давлат сиёсати даражасида яратилган бу шароитлардан аҳоли тўла фойдаланаяптими?
Навоий вилоятида аҳолини китобхонликка жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ушбу тадбир аҳолини китобга бўлган меҳрини оширишга ҳисса қўшаётгани билан муҳим аҳамиятга эга. Негаки, қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ота-онасининг китоб ўқиётганини кўрган фарзанд онгида ҳам унга нисбатан меҳр уйғонади. Мен ҳам китоб ўқийман деган эзгу ғоя унинг онгида шаклланишига ҳисса қўшади.
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,
Навоий вилояти Ахборот ва
оммавий коммуникациялар
бошқармаси бошлиғи в.б.